15 май — Халқаро оила куни. Бу сана мамлакатимизда ҳам кенг нишонланмоқда.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган Мукаррама Турғунбоева номидаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактабида ушбу санага бағишланган “Қадрият оиладан бошланади” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Йиғилишда тумандаги фаол хотин-қизлар, намунали оилалар вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Яшнобод туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳматуллаева сўзга чиқди ва йиғилишни очиб берди. Шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси эксперти, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, туман фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими мудири Зулайҳо Камалходжаева сўзга чиқиб, оила қадриятлари, уларни асраш, оилаларнинг жамиятимиздаги роли ҳақида маъруза қилдилар.
Туманнинг намунали оилалари, “Катта Янгиобод” маҳалласида яшовчи Комилжон ва Сабоҳатхон Зиямухамедовлар, “Бойсун” маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳзоджон ва Муаттархон Ҳошимовлар ўз ҳаётий тажрибалари, оилада фарзандлар тарбияси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар.
Тадбирда туман “Баркамол авлод” ижодий маркази ўғил-қизлари томонидан дилрабо куй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилди.
Манба: www.yashnobodnews.uz