“ҚУЁШ БАРЧАГА БАРАВАР НУР СОЧАДИ!”

Ана шундай шиор остида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ногирон ва жисмоний имконияти чекланган инсонларни тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бугунги кунда юртимиздаги ихтисослашган тиббий марказ ва тиббиёт муассасалари мутахассислари жойларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб, беморларни диагностика қилиш ва даволаш жараёнларида қатнашмоқда.

Мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бу эса уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари давлат ҳимоясида эканидан далолатдир.

Тадбиргаайни пайтда туманда истиқомат қилаётган 130 нафардан ортиқ  уруш ва меҳнат фахрийлари, ногирон ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар таклиф этилдилар. Улар учун ташкилотчилар томонидан тўкин дастурхон ёзилди.

Хайрли тадбир давомида Тошкент шаҳар ҳокимлиги соғликни сақлаш бош бошқармаси томонидан ногиронларга 40 дона аравача, болалар учун 6 дона аравача топширилди. Шунингдек, саломатлигини тиклаш учун жисмоний имконияти чекланган ва ногиронларга шифохналарга 25 йўлланма, саккиз нафар уруш ва меҳнат фахрийларига эса санаторийларга йўлланмалар тақдим қилинди. Саховат тадбири Яшнобод туман тиббиёт бирлашмаси ташкилотчилигида юқори савияда уюштирилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz