Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси гуруҳи томонидан сана муносабати билан тумандаги 52-умумтаълим мактабида “Оила – маънавият бешигидир” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Оила. Шу оддий бир сўзда барчамиз учун маълум бўлган-бўлмаган минглаб сир-синоатлар мавжуд. Унинг фаровон, файзли ва баракали бўлишини истамаган одамнинг ўзи топилмаса керак.
Оила ҳаётнинг барҳаётлигини таъминлайди, ворислар ота-она ишининг давом этишини амалга оширувчи муқаддас даргоҳ. Бу даргоҳ миллатнинг урф-одат ва миллий анъаналарини сақлашга кўмаклашади.
ЎзМТДП сайловолди Платформасида ҳам мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга доир “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатининг ижросини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамиятининг энг муҳим институти бўлмиш оила институтини қўллаб-қувватлаш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, оила ижтимоий ҳаётининг айрим салбий кўринишларига барҳам бериш каби устувор вазифалар белгиланган.
Тадбирда тўй-ҳашамлар ва маросимларни ихчамлаштириш, оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган бошқа низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, бу борада маҳалланинг хизматидан фойдаланиш, ёшларга уй-жой бериш ва бошқа иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларнинг ижросида депутатларнинг фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланди.
Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларининг бадиий чиқишлари иштирокчиларга кўтаринки руҳ бахш этди.
Акмал РЎЗИТОЕВ,
халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати.
Манба: www.mt.uz