27 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, туманда 4 та сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан 57 маҳалласида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Улар бандликни таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, электр тармоқлари, ободонлаштириш ва йўлларни таъмирлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш каби соҳаларга тааллуқлидир.
2018-2019 йилларда иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурига туманнинг 142 та корхонаси киритилган. Мазкур корхоналарнинг 72 таси саноат, 70 таси эса хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган бўлиб, уларнинг қиймати 576 миллиард 507 миллион сўмни ташкил этади. Туманда 54 та лойиҳа ишга туширилди. 945 та янги иш ўрни ташкил этилди, лойиҳалар доирасида киритилган инвестицияларнинг умумий қиймати 70 миллард 371 миллион сўмни ташкил этади.
Вакиллик органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва татбиқ этилаётган “Обод маҳалла”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Аҳоли бандлигига кўмаклашиш” каби давлат дастурлари доирасидаги вазифаларнинг туманда ижро этилишини таъминлаш, маҳалла ролини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, қўшма мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Мажлисда муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш чоралари тўғрисида қўшма қарори қабул қилинди.
Манба: www.yashnobodnews.uz