Бугунги кунда Яшнобод туманида 57 маҳалла мавжуд бўлиб, уларни ободонлаштириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида талайгина ишлар амалга оширилмоқда. “Обод маҳалла” Давлат дастурига асосан маҳаллаларда талайгина ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани айниқса эътиборлидир.
Амалдаги йилда Яшнобод туманида бир қатор янги маҳалла гузарларининг қурилиб, фойдаланишга топширилаётганлиги дилларни қувонтирмоқда. Жумладан, шу йил бошидан бери “Семурғ”, “Тарновбоши” сингари маҳаллаларда замонавий маҳалла гузарлари иш бошлади.
Куни кеча тумандаги “Бунёдкор” маҳалласида ҳам янги замонавий гузар фойдаланишга топширилди. Бу хайрли ишнинг бошида шу маҳаллада истиқомат қилувчи тадбиркор Жамшид Мўминов фаоллик кўрсатгани эътиборлидир.
“Бунёдкор” маҳалласида 4000 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Янги замонавий маҳалла гузарининг фойдаланишга топширилгани бунёдкорликларни беҳад қувонтирди. Шинам ва кўркам бинода маҳалла оқсоқоли, фаоллар, маслаҳатчи, профилактика нозири, кутубхона учун алоҳида хоналар ажратилган бўлиб, барча қулайликлар яратилган.
Замонавий маҳалла гузарининг тантанали очилиш маросими ўзига хос байрамга айланиб кетди. Унда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман ҳокими ўринбосари Феруза Раҳматуллаева, туман “Маҳалла” хайрия жамғармаси раиси Равшан Тўраев ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Тадбир сўнггида тўкин дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, кам таъминланган оилалар вакиллари бир пиёла чой устида суҳбат қурдилар.
Манба: www.yashnobodnews.uz