ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Самандар Астонов, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодиржон Ахмеджанов, туман прокурори Олимжон Азимовлар билан туманда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ тадбиркорларнинг учрашуви ўтказилди.

Ошкора ва самимий мулоқот тарзида кечган тадбирда   туман ҳокимлиги масъул ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, тижорат банкларининг туман бўлимлари вакиллари, тадбиркорлар, ёшлар иштирок этди.

Тадбирда тадбиркорларни қийнаётган муаммолар, уюшмаган ёшлар қатлами билан ишлаш, уларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар томонидан тадбиркорликка доир қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва янгиликлар, имтиёз ва қулайликлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Аҳоли томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, тавсиялар, келтирилган муаммоли масалалар жойида ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли чоралар кўрилди.

 

Манба: www.yashnobodnews.uz