ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИНИНГ VI ҲИСОБОТ-САЙЛОВ КОНФЕРЕНЦИЯСИДА

Пойтахтимизнинг 17-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида Тошкент шаҳар Яшнобод туман хотин-қизлар қўмитасининг VI ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги, турли идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, фаол хотин-қизлар иштирок этди.

Яшнобод туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Раҳматуллаева ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз хотин-қизларини ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Туман хотин-қизлар қўмитаси аёлларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, салоҳияти ва интилишларини рўёбга чиқариш, оилаларда соғлом турмуш тарзи ғояларини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида чақалоқларнинг туғма ва ирсий хасталиклар билан дунёга келишининг олди олинмоқда. Ҳомиладор аёллар ихтисослаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилаётир.

Жамиятимизнинг маънавий негизларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, маҳаллаларда юксак маънавий муҳитни қарор топтириш – доимий эътиборда. Тўй ва турли маросимларни ихчам ўтказиш борасида изчил тушунтириш ишлари олиб борилаётир. Аёлларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш кўлами тобора кенгаймоқда.

Маҳаллалардаги нотинч оилалар билан ишлаш, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг олдини олиш, умумтаълим мактабларини битирган қизларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ жалб этишда ҳам хотин-қизлар қўмиталари салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Конференцияда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда қўмитанинг янги бошқарув ва раёсат аъзолари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайланди.

Анжуманда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова иштирок этди ва сўзга чиқди.

Манба: www.yashnobodnews.uz