ЛОЙИҲА
Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ, 2020 йилда Халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.
Қонуннинг 18-моддасига асосан 2020 йил учун Яшнобод тумани маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2019 йил
13 декабрдаги “2020 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги 521/63-5-сонли қарори (кейинги ўринларда Қарор деб аталади) маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қонунга асосан 2020 йилда:
а) Қуйидаги солиқ турлари Яшнобод туман маҳаллий бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
жисмоний шахсларнинг мол-мулкларни ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно.
б) Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар Тошкент шаҳар ва Яшнобод туман маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимланади:
якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи;
айланмадан солиқ;
айрим товарларни чакана савдосига бериладиган ҳуқуқ учун ундириладиган йиғимлар;
мобил алоқа хизмати ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар тегишли равишда 2019 йил
1 июль ҳолатига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ахолисининг республика ахолисидаги улушига мувофиқ.
в) Қуйидаги харажатлар республика бюджетидан молиялаштиришга ўтказилди:
умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги орқали (ушбу муассасаларнинг тўртинчи гуруҳ харажатлари тегишли туманлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади).
г) Қуйидаги харажатлар Яшнобод туман маҳаллий бюджетидан молиялаштиришга ўтказилди:
фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш харажатлари;
давлат санитария-эпидемиология назорати туман марказини сақлаш харажатлари.
3. Қарорнинг:
4-иловасига мувофиқ, Яшнобод тумани бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари тасдиқланганлиги;
7-иловасига мувофиқ 2020 йил учун Яшнобод тумани бюджетида йўл қўйиладиган айланма касса маблағларининг энг кам миқдори
1 632 810,0 минг сўм этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. 2020 йил учун Яшнобод тумани маҳаллий бюджети даромадлари прогнози 1-иловага мувофиқ мақуллансин.
5. 2020 йил учун Яшнобод тумани маҳаллий бюджетидан бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. 2020 йил учун Яшнобод туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 1 722 936 минг сўм миқдорида белгилансин ҳамда захира жамғармаси маблағларини туман бюджетида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.
7. Яшнобод туман ҳокимлиги, туман молия бўлими ва бюджет маблағларини тақсимловчилари:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2019 йил 27 ноябрдаги 03/03-03-01-32/736 сонли хатида Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг харажатлар ва даромадлар прогнозини ҳисоблашда ҳамда қонун лойиҳасида тасдиқланаётган тартибга солувчи трансфертлар таркибида иш ҳақи, нафақалар ва бошқа унга тенглаштирилган тўловларнинг 2020 йил 1 январдан 7 фоизга индексациялаш назарда тутилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилингунга қадар иш ҳақи, ижтимоий нафақалар ва унга тенглаштирилган бошқа тўловларнинг ошириш билан боғлиқ маблағларни тегишли бюджетларда молия органлари учун назарда тутилган маблағлар таркибида алоҳида сатрда кўзда тутиш лозим бўлади. Мазкур маблағлар тегишли қарор қабул қилингандан сўнг тегишли ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларга тақсимлаб берилиши инобатга олинсин.
туман бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар учун харажатларнинг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирилишини назоратга олсин;
ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг
25-санасига қадар расмий веб-сайтларга бюджет маблағларини тақсимловчилари кесимида молиявий ҳисоботларни ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;
туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларининг камида
10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишни таъминласин ҳамда веб-сайтларга уларнинг натижаларини жойлаштирсин.
8. Яшнобод туман ҳокимлиги, чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Тошкент шаҳар ҳокимлигига харажатларни мақбуллаштириш билан бирга киритилган мурожаатига асосан тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан таклифлар киритади.
9. Яшнобод туман ҳокимлиги:
Қонуннинг 24-моддасига асосан, тегишли равишда бюджет маблағлари тақсимловчиларининг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини Кенгашга киритилишини таъминласин.
бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичлари бўйича бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши учун туман Кенгашига доимий равишда маълумот киритиб борсин.
Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
10. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ва Яшнобод туман ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.