ПОЙТАХТИМИЗДАГИ ҲАРБИЙ ОИЛАЛАРГА ЯНГИ УЙЛАР КАЛИТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани Олмос маҳалласида ҳарбий оилаларга янги уйларнинг калитини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда 540 нафар бахтиёр оила янги хонадонларга кўчиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири А.Азизов ва бошқалар янги уйга кўчиб келганларни ушбу унутилмас воқеа билан қизғин қутлаб, Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган юксак даражадаги ижтимоий ёрдам учун мамлакатимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.
Президентимизнинг 2017 йил 30 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2017 йилда узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида 1008 хонадондан иборат 56 та кўп қаватли уйлар барпо этилди. Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилда яна юзта уй қурилиши режалаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида шундай дейилади: “Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларимизда узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар бериш асосида кўп қаватли уй-жойлар босқичма-босқич барпо этилмоқда. Биз бу ишларни доимий равишда давом эттирамиз”.
Ушбу тантанали тадбир бу йўналишдаги ишларнинг ёрқин мисолидир. Ватан ҳимоячиларининг фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги арафасида янги уйларга кўчиб ўтишида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам. Барча қулайликларга эга замонавий уй-жойлар “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси мутахассислари томонидан барпо этилган.
Қудрат ота Ўрозов ва Зулфия опа Қурбонова ўғли майор Бекзод Ўрозовнинг хурсандчилигига шерик бўлиш мақсадида пойтахтимизга Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманидан ташриф буюрди. У турмуш ўртоғи Шахина Мадаминова билан биргаликда 2 нафар қизни тарбиялаб, вояга етказмоқда.
– Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз, – дейди офицернинг отаси. – Мустақил диёримизда ҳарбий хизматчиларнинг шарафли меҳнати муносиб қадр топиб, уларнинг оилаларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ушбу ғамхўрликка жавобан ўғлимга, тинчлик ва осойишталик йўлида янада фидокорона хизмат қилишини тилаб, оқ фотиҳа бердим.
Кичик сержант Ғулом Остоновнинг оиласи ҳам кенг ва шинам уч хонали уйга кўчиб ўтди. Малакали алоқачилардан бири бўлган Ғуломжон 19 йилдан буён миллий армиямиз сафларида хизмат қилиб келмоқда. Турмуш ўртоғи Ҳулкар Қодирова билан уч нафар фарзандни тарбияламоқда. Ўғли Бекзод шу йили биринчи синфга чиқади.
– Биринчи синф ўқувчиси учун болалар хонасига ёзув столи харид қилдик, – дейди Ғулом. – Янги уйимизнинг ёруғ ва кенг хоналарини кўриб, ўғлимнинг қувончи ичига сиғмаяпти. Мактабда фақат аъло баҳоларга ўқишга ваъда беряпти.
Майор Анвар Бозоров ва турмуш ўртоғи Гулнора Назарова ҳам уч хонали уй соҳибига айланди. Уй бекасига болалар майдончаси ҳам манзур бўлди.
– Болалар боғчасида ҳамшира бўлиб ишлайман, – дейди Гулнора. – Қурувчиларнинг ёш болаларнинг мазмунли ҳордиғи ҳақида қайғургани жуда ёқимли. Бу ерда фарзандларимиз мириқиб ўйнайди.
Барча суҳбатдошларимиз, мамлакатимиз раҳбариятининг Ватан ҳимоячиларига кўрсатаётган ғамхўрлиги уларни халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги машаққатли меҳнати давомида янги муваффақиятларга эришишга рағбатлантиради, деган ягона фикрни билдирди.

 

Аблай Камолов, ЎзА