Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси актсиядорлик жамияти томонидан биржа савдолари ҳамда электрон тижоратнинг замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда актсиядорлик жамиятида савдолар шаффофлигини таъминлаш, бозор нархлари шаклланиш механизмини такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш ва янги савдо услубларини жорий этиш орқали тадбиркорлар ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг биржа бозорларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чоралари кўрилаётгани таъкидланди.
2017 йилнинг 10 ойи мобайнида ЎзРТХБда 11,4 триллион сўмлик битимлар тузилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоиз кўпдир. Биржада рўйхатдан ўтган янги мижозларнинг сони 20 фоизга кўпайиб, 7,6 мингтани ташкил этди. Биржа савдоларининг ҳажми 19 фоизга ўсди. Шунингдек, тадбиркорлар биржа орқали 5,7 триллион сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, ўзларининг 2,3 триллион сўмлик маҳсулотини сотди.
Йилнинг асосий янгилиги – авторақамларни сотиш бўйича янги савдо платформасининг ишга туширилиши туфайли жисмоний шахслар биржадаги электрон савдоларда фаол қатнашмоқда. Бунда мижознинг рўйхатдан ўтишидан тортиб, то битимни тузишгача бўлган барча операция ва транзактсиялар ЎзРТХБнинг авторақам.узех.уз вебсайти ва мобиль иловасидаги шахсий кабинетида амалга оширилади.
– Янги савдо платформаси ишга туширилиши автотранспорт эгалари орасида катта қизиқиш уйғотди, – дейди Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси актсиядорлик жамияти мутахассиси Жасур Юнусов. – Рақамлар учта тоифага бўлинган ҳолда сотилмоқда. Мисол учун, учта бир хил сондан иборат авторақамнинг бошланғич нархи энг кам иш ҳақининг юз баробарига тенг. Ўтган даврда онлайн ауктсионлар орқали сотилган 684 авторақамнинг қиймати 14,4 миллиард сўмдан ошди.
Авторақам электрон тизимида ҳар куни ўртача 10 битим тузилмоқда. Харидорларнинг таркибий тузилмасида этакчи ўринни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти автоҳаваскорлари эгалламоқда. Кейинги ўринларда Фарғона, Самарқанд, Хоразм, Андижон, Наманган ва Сирдарё вилоятлари харидорлари жойлашган. Ўтказилаётган рақобатли савдолар жараёнида авторақамларнинг олий тоифаси бўйича 249 га яқин талабнома, иккинчи ва учинчи тоифага ўртача 54-30 та нарх таклифи берилмоқда.
Матбуот анжуманида биржада электрон тижоратни янада ривожлантириш мақсадида яқин келажакда ауктсион савдоларида сотилаётган товарларнинг номенклатурасини кенгайтириш, ярмарка савдоларида кафолатлаш механизмлари жорий этилиши ҳақида маълумот берилди. Биржа мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Сайёра Шоэва, ЎзА