БАЙРАМЛАР АРАФАСИДАГИ БАЙРАМ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 103-сонли ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатида туман халқ таълими бўлими ходимларининг анъанавий август кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирни Яшнобод тумани халқ таълими бўлими мудири Собир Мамадалиев очди ва сўзга чиқди.

Йиғилишда тумандаги мавжуд ўрта мактаблар, махсус мактаб-интернатлар раҳбарлари, фаол ўқитувчи-мураббийлари, кутубхоначилар ва тарбиячилар иштирок этишди.

Тадбирда Яшнобод туман ҳокимининг ўринбосари Шерзод Зуфаров қатнашди ва  сўзга чиқди. Туманда таълим самарадорлигини ошириш, ўқитувчи-мураббийларга яратилаётган шарт-шароитлар, шунингдек, уларнинг олдига қўйилаётган муҳим вазифалар ҳақида тўхталди. Йиғилганларни қўшалоқ байрам мамлакатимиз Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан табриклади.

Тадбирда тумандаги мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш қилинди.

Шунингдек, туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими бўлими томонидан таъсис этилган “Энг тажрибали устоз”, “Моҳир кутубхоначи”, “Энг фаол ташкилотчи раҳбар” сингари бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар номи эълон қилиниб, уларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Бир сўз билан айтганда, туман халқ таълими бўлими ходимларининг анъанавий август кенгаши тадбири чинакам байрам руҳида ўтди.

Манба: www.yashnobodnews.uz