БОЛАЛАР АСЛО ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ

Куни кеча бир нечта ижтимой тармоқлар саҳифаларида Яшнобод тумани маданият бўлими — маданият ва аҳоли дам олиш марказининг бузилиши, келажакда унинг ўрнида хусусий болалар боғчаси қад ростлаши, ушбу масканда санъат ва спорт тўгаракларида шуғулланаётган ўғил-қизларнинг кўчада қолаётганлиги ҳақида хабарлар эълон қилинди. Уларда ёзилишича, келажагимиз бўлган болажонларнинг эртанги тақдири билан ҳеч ким қизиқмаётган эмиш. Ҳатто, ота-оналар ва уларнинг устоз-мураббийлари саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимиз Президентига болажонларнинг видео мурожаатлари ҳам интернет саҳифасидан жой олди.

Бир қарашда бу хабар ўқувчи учун ачинарли ва ташвишли таассурот қолдириши, табиий. Аслида бу ердаги воқелик ва манзара қандай? Нега бу қадар кескин хулосалар чиқарилмоқда? Юқорида тилга олинган манзилда амалга оширилиши кутилаётган ўзгаришлардан мақсад ва муддао нимадан иборат?

Кескин хулоса чиқаришдан олдин, аввало юртимизда охирги қисқа вақт мобайнида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларига бир эътибор қаратайлик. Бундан ўн йил муқаддам пойтахтимизга келган киши бугунги ўзгаришларни кўриб ҳайратланиши шубҳасиз.

Ҳақиқатан, Яшнобод тумани собиқ Ташсельмаш (ҳозирги Махтумқули кўчаси)да жойлашган Яшнобод тумани маданият бўлими — маданият ва аҳоли дам олиш маркази тўлиқ қайта реконструкция қилиниб ўрнида давлат болалар боғчаси барпо этилиши кўзда тутилган. Жумладан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 февралдаги 84-ф-сонли фармойиши эълон қилинган. Унга кўра, Тошкент шаҳрида давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш салмоғини ошириш, давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш ва аҳолига мақбул таълим хизматларини ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевнинг 2019 йил 12 февралдаги 283-сонли қарори эълон қилинган. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Муниципиал активларни бошқариш маркази” ДУК, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 февралдаги 84-ф-сонли фармойишининг 1- ва 2-иловаларида келтирилган бино ва иншоотларда жойлашган ташкилотларни тегишлича ўзларининг юқори турувчи вазирлик ва идораларига тегишли бошқа манзиллардаги бўш бино ва иншоотларига жойлаштирилишини таъминласин, деб белгилаб қўйилган.

— Охирги 2-3 йилда янги барпо этилган Тараққиёт кўчаси бўйлаб бир-биридан кўркам турар-жойлар, аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи муҳташам бинолар қад ростлади, — дейди Яшнобод туман ҳокими ўринбосари Шерзод Зуфаров. — Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар фойдаланишга туширилса, бу ҳудудда етти минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ўз-ўзидан аниқки, эртага уларнинг фаровон турмуш кечириши учун замонавий шарт-шароитлар талаб қилинади. Уларнинг фарзандлари учун болалар боғчалари, мактаблар зарур бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши узоқни кўзлаб амалга оширилмоқда. Албатта болажонлар учун маданият ва санъат масканлари ҳам зарур. Шуни ҳисобга олган ҳолда туман ҳокимлиги ташаббуси билан Яшнобод тумани маданият бўлими — маданият ва аҳоли дам олиш маркази Оҳангарон шоҳ кўчаси, Тузел-2 мавзеси, 29а-уйга кўчирилади. Айни пайтда 980 кв.метрни ташкил қилувчи икки қаватли мазкур иморатни қайта реконструкция қилиш бўйича зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда. Келгусида бу ерда ўғил-қизларнинг ўзлари ёқтирган санъат ва спорт турлари билан шуғулланишлари, истеъдодларни кашф қилиш учун замонавий шарт-шароитлар яратилади.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилаётган мазкур иншоотда 2014 йилга қадар тумандаги 529-сонли болалар боғчаси фаолият олиб борган. Қисқача айтганда, янги фаолият бошлаши кутилаётган давлат болалар боғчаси ўзининг асли жойига қайтмоқда.

Туман ҳокимлиги вояга етаётган ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун келгусида фақат шу билан чекланиб қолмасдан Яшнободда яқин йилларда барпо этиладиган янги замонавий спорт мажмуалари, санъат кошоналари  лойиҳалари устида ҳам иш олиб бормоқда.

Манба: www.yashnobodnews.uz