БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА ҚАНЧА АҲОЛИ ЯШАЙДИ?

Бу саволга аниқ жавоб бера оласизми? Кимдир 32 миллион, бошқаси 33 миллион аҳоли истиқомат қилади, дейиши мумкин. Аммо унга тўлақонли жавоб олиш учун ҳали мамлакатимизда бир қатор ишларни амалга ошириш зарур.

Шу йилнинг 5 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонида алоҳида банд сифатида Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Қонун лойиҳасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, тартиби, даври ва муддатларини аниқлаш, унда замонавий технология ва услуб асосида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларни ушбу жараёнларга қатнашиши учун аниқ механизмлар ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш манбаларини белгилаш, якуний натижаларни амалга ошириш учун ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни келтириб ўтиш назарда тутилган.

Узоқ йиллар юртимизда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмагани боис аҳоли сони, ёш-жинс таркиби, ҳудудий жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзгаришлар борасида аниқ маълумотлар йўқ.

Шу муносабат билан пойтахтимизнинг Яшнобод туман ҳокимлигида Фармон ижросини таъминлашга бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодиржон Ахмеджанов очди ва олиб борди.

Семинарда Тошкент шаҳар статистика бошқармаси демография бўлими бошлиғи Ориф Абдураҳмонов сўзга чиқди.

— Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган, — деди Ориф Абдураҳмонов. — Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишлари кенг қамровли тадбир бўлиб, кетма-кет ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлган босқичлар белгиланган. Чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Мамлакатимизда, умуман ҳар бир маъмурий-ҳудудда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғишдан иборат. Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу – ҳудудларда хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала. Турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддати тугаган. биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Бир сўз билан айтганда, республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.

Демак, Президент фармони билан тасдиқланган концепцияга асосан, Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйҳатга олиш ўтказилади. Мазкур концепция 8 та боб, 29 та банддан иборат бўлиб унинг хар бирида масъул ташкилотларга тегишли вазифалар белгилаб қўйилган аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган эса Ўзбекистон Республика давлат статистика қўмитаси ҳисобланади.


Тадбирда туман статистика, тиббиёт, халқ таълими, ички ишлар, ФХДЁ бўлимлари ва бошқа бир қатор ташкилот ҳамда идораларидан мутахассислар қатнашди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Манба: www.yashnobodnews.uz