БУ ВАТАНДА АЗИЗДИР ИНСОН!

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 152- умумтаълим мактабида “Бу Ватанда азиздир инсон!” мавзуида вояга етмаганлар ўртасида суицид ҳолатларнинг олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, таълим-тарбия мутахассислари, руҳшунослар, маҳаллалар фаоллари ва бошқалар иштирок этди.
Йиғилишни туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳматуллаева очди ва олиб борди. Бугун жамиятимизда ёшлар тарбияси йўлида амалга оширилаётган ғамхўрликлар хусусида тўхталиб, афсуски ҳозирда мактаб ўқувчилари ва коллеж талабалари ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилаётганлиги ачинарли ҳолат эканлигини алоҳида таъкидлади. Бу ҳолат аслида нима ва қандай салбий оқибатларга олиб келиши, қандай номланишига ҳам тўхталди. Суицид, инсонларнинг ўз жонига қасд қилиши жамият барқарорлигига таъсир қилувчи деструктив ижтимоий муаммолардан бири эканлигини , дунёда ҳар йили ўз жонига қасд қилиш натижасида тахминан бир миллионга яқин одам вафот этаётганлигини, ўз жонига қасд қилаётганларнинг аксарияти руҳий жиҳатдан соғлом ва меҳнатга лаёқатли кишилар эканлигини эътироф этди.
Шундан сўнг, Яшнобод тумани прокурори катта ёрдамчиси, биринчи даражали юрист З.Т.Мавлонова сўзга чиқиб, юқоридаги масала жуда долзарб эканлигини, вояга етмаган ўқувчилар ўртасида суицид, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш масаласи бўйича таклифлар киритилаётганлигини, бунда барча масъулият билан ёндошиши кераклиги айтилди. Бугунги кунда мавжуд бўлган психолог мутахассислар кучидан самарали фойдаланиш зарурлигини, мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари руҳшуносларини оила билан ишлаш, оилавий муносабатларни соғломлаштириш, оиладаги низолар деструктив оқибатларининг олдини олишга қаратилган тегишли билим, кўникма ва малакалар билан қуроллантириш, улар билан махсус семинар ва тренинглар ўтказиб бориш лозимгини билдирди.
Самимий ва ўзаро мулоқот тарзида кечган йиғилишда, шунингдек, “Ёшлар ишонч маркази” психолог маслаҳатчиси Г.Таджитдинова, Ислом ота жомъе масжиди имом хатиби Ж.Мадғозиев, туман халқ таълими бўлими психолог йўриқчиси Д.Мирзаева ҳамда бошқаларнинг чиқишлари иштирокчилар диққат-эътиборини тортди.
Тадбир сўнггида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олишди.

Манба: www.yashnobodnews.uz