ДЕПУТАТ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокимлиги ташаббуси билан умумий ўрта таълим мактабларида ҳоким ва бошқа раҳбар ходимларнинг ўқувчиларга дарс соатлари ўтиши йўлга қўйилганлигини хабар қилгандик.

Ушбу хайрли саъй-ҳаракатни Халқ депутатлари туман Кенгаши вакиллари ҳам қўллаб-қувватлади ва амалий ишга қўл урди. Жумладан, қисқа фурсатда туман Кенгаши котибияти томонидан халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда депутатларнинг мактаб ўқувчилари учун дарс жадваллари тузилиб, уларнинг ўқувчилар билан учрашувлари йўлга қўйилди.

Куни кеча 24-Олмос сайлов округидан туман Кенгашига депутат этиб сайланган Шозафар Шоахмедов ўзи таҳсил олган 226-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билан учрашди. Таълим даргоҳида мактаб директори Наби Ниёзов ҳамда юқори синф ўқувчилари депутатни очиқ чеҳра билан қарши олдилар.

Мазкур даргоҳ ўқитувчиси Феруза Қўчқорова Шозафар Шоахмедовни ўзи раҳбарлик қилаётган 11 “А” синф ўқувчилари ҳузурига таклиф этди. Қалби ёниқ, кўзлари чақнаб турган йигит-қизлар билан бир соат давом этган “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги дарс самимий ва очиқ мулоқот тарзида кечди. Унда депутат бугунги дунёнинг долзарб муаммоларидан бири — экстремизм ва терроризм келтираётган кулфатлар, инсониятга етказаётган зарари ҳамда унинг олдини олишда ёшлар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида батафсил тўхталди.

— Бу даргоҳ мен учун жуда қадрли, — дейди депутат Шозафар Шоахмедов. — Илк Алифбо сабоқларини шу мактабда олганман. Кейинги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ўқувчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар мени янада тўлқинлантирмай қолмайди, албатта. Қанийди яна мактаб ўқувчиси бўлиб қолсам, муҳтарам устозлар таълимини доимо соғинасан киши. Улар қаршисида ҳамиша қўлим кўксимда. Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан барча устозларимни табриклайман.

Дарс давомида ўқувчилар депутат Шозафар Шоахмедов билан очиқ мулоқотга киришар эканлар, ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоблар олишди. Унда йигит-қизлар ўзларининг беғубор орзу-ўйлари, келгуси режа ва лойиҳалари ҳақида тўлқинланиб сўзлаб беришди.

Манба: www.yashnobodnews.uz