ЙИГИТЛАР МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА КУЗАТИЛДИ

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган бир гуруҳ йигитларни Қуролли Кучлар сафига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Чақирилувчиларнинг навбатдаги гуруҳини кузатиш маросимида Яшнобод туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамғармаси туман Кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Яшнобод туман бўлими ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирилувчиларнинг ота-оналари, ёшлар қатнашди.

Тантанали тадбирда мамлакатимиз мудофаа тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ҳарбий хизматга ёшларнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб бораётгани, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.

– Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирув март-апрель ойларида амалга оширилади, – дейди Яшнобод туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Фаррух Маннонов. – Жараёнга тайёргарлик эса йил бўйи давом этади. Шу пайтгача чақирилувчиларнинг саломатлиги, жисмоний тайёргарлиги ва билими текширилиб, энг муносиб йигитлар саралаб олинди.

— Ҳозир жуда ҳаяжондаман, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёш аскар Нуржигит Пайзилдаевнинг онаси Ойжамол опа. – Фарзандининг алпкелбат бўлиб улғайишини, Ватан ҳимоячиси бўлишини қай бир ота-она орзу қилмайди, дейсиз. Оилада уч нафар фарзандимиз бор. Нуржигит — кенжатойимиз. Бугун ўғлим тимсолида юрагимдаги эзгу тилакларимдан бири ушалмоқда. Ўғлимни бугун муддатли ҳарбий хизматга кузатаётганимдан хурсандман. Ишонаманки, фарзандим хизмат давомида юзимизни ерга қаратмайди. Жонажон Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилади.

Маросимда ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Манба: www.yashnobodnews.uz