НАВРЎЗ ШОДИЁНАЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани 19-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида Наврўз байрами нишонланди

Пойтахтимиздаги 19-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида бугунги кунда 200га яқин ўқувчилар мусиқа ва санъат дунёсининг сир ва синоатларини ўрганиб келмоқдалар.

Мактабда «Тасвирий санъат», «Хореография», «Эстрада хонандалиги», «Ўзбек халқ чолғулари» (рубоб, афғон рубоб, доира, дутор), «Халқ чолғулари, «Фортепиано», «Академик хонандалик», «Анъанавий чолғу ижрочилиги» бўлимлари фаолият юритиб, таълим жараёни ўқувчиларнинг эстетик дидини шакллантиришга, мусиқа ва санъатга меҳр муҳаббатини ўстиришга,  меҳнатсевар ва иродали бўлишларига қаратилган.

Ўрганган билим ва малакаларини ўқувчилар турли байрам тадбирларида, концерт дастурларида, очиқ дарсларда намойиш этишади.

Жумладан, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан мактабда ташкил этилган сумалак сайли мактаб ўқувчиларининг куй ва қўшиқлари садоси остида, ранг-баранг рақслари ҳамроҳлигида ўтди.

Байрамга ёши улуғ инсонлар, мактабда ишлаб нафақага чиққан устозлар таклиф этилди. Мактабда фаолият юритаётган барча бўлим ўқувчилари рангли қоғозлардан гўзал гулларни ясашди, дарахтларни безатишди, варракларни ким ўзарга учиришди, мактаб ҳовлисига турли баҳорий тасвирлар чизишди. Байрам дастури ёшларга ҳам ёши улуғ инсонларга ҳам бирдек манзур бўлди.

Манба: www.madaniyat.uz