Оила — муқаддас қўрғон!

Пойтахтимиздаги Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мономарказда Яшнобод туманида туман прокуратураси ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида хотин-қизлар хуқуқларини ҳимоя қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича сайёр йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳматуллаева аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда оилалар ажримини камайтириш борасида амалга оширилган ишлар, олдиндаги режалар хусусида сўз юритди.

Тадбир давомида самарали меҳнат қилаётган фаол маҳаллалар маслаҳатчилари, тиббиёт, халқ таълими ва ички ишлар ходимларидан бир гуруҳи туман прокуратураси томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, йиғилиш якунида иш билан банд бўлмаган аёллар Мономарказдаги мавжуд ўқув курслари фаолияти билан танишди.  Оилавий муаммолар, тадбиркорликни бошлаш учун имтиёзли кредит олиш масалалари, ишга жойлашиш бўйича мурожаатлар сайёр қабулда ўз ечимини топди.

Тадбирда туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов, шаҳар прокурори ўринбосари Алиакбар Пўлатов иштирок этди ва сўзга чиқдилар.

Яшнобод туман ҳокимлиги Матбуот хизмати

Манба: www.yashnobodnews.uz