САЙЛОВГА ТАЙЁРГАРЛИК АВЖИДА

Бугун юртимизнинг қай бир сайлов участкасига борманг, қайноқ иш устидан чикасиз. Жумладан, пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 475-сайлов участкасида ҳам 22 декабрь — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кунига пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Мазкур сайлов участкаси 103-сонли жисмоний имконияти чекланган ўқувчилар махсус мактаб-интернатида жойлашган.

— Бу галги сайловда “Авиасозлар” маҳалласидан 2084 нафар сайловчи иштирок этади, — дейди 475-сайлов участкаси комиссия раиси Саодат Тўлаганова. — Сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказиш учун участкамизда барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳудудимизда истиқомат қилувчи аҳоли хатловдан ўтказилиб, сайловчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилиб бўлинди. Бу ерда аҳолини қизиқтирган барча саволларга жавоб топиш учун етарли адабиётлар, қўлланмалар муҳайё қилинган. Шунингдек, зарур кундалик даврий нашрлар тахлами мавжуд, компьютерларимиз интернет тармоғига уланган бўлиб, қисқа муддатда барча маълумотларни тақдим қилиш имконига эгамиз.

Эслатиб ўтамиз, бу галги сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар — «Миллий тикланиш» демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси ва Экологик партия.

Манба: www.yashnobodnews.uz