“ШОҲСАНАМ”ДА БАЙРАМ ТАНТАНАЛАРИ

Бошқа жойларда бўлгани каби пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Шоҳсанам” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам энг улуғ ва энг азиз айём — мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик тантаналари ўзига хос тарзда нишонланди.

Байрам муносабати билан маҳалла фаоллари дошқозонда ош дамлашди. Шодиёнага маҳалла аҳли, жумладан, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар вакиллари таклиф қилинди. Уларга совға-саломлар улашилди.

Тўкин дастурхон атрофида йиғилганлар ўтган хотирасини ёдга олишди, Қуръон тиловат қилинди. Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф этишди.

Дилларга хуш кайфият улашган тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев ҳамда бошқа санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчада илиқ таассурот қолдирди.

Манба: www.yashnobodnews.uz