ЮГУРИШ МАРАФОНИ СПОРТ БАЙРАМИ ТУСИНИ ОЛДИ

30 июнь — Ёшлар кунига бағишлаб пойтахтимизнинг Яшнобод туманида йигит ва қизлар ўртасида 3 километр масофага югуриш бўйича марафон ўтказилди.

Яшнобод туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Миллий тикланиш” партияси туман Кенгашлари, туман хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамғармаси туман Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур спорт байрамида беш юзга яқин йигит-қиз иштирок этди. Марафон тумандаги Қорасув (олдинги Лисунов) кўчаси (мўлжал — “Премьера” кафеси рўпараси)дан старт берилган бўлса, Мухтор Ашрафий  ва Мажнунтол кўчалари кесишувида финишга етди. Унда қатнашчилар қизлар (18 — 25, 26 — 31) икки ҳамда йигитлар ҳам худди шундай икки ёш гуруҳларига бўлинган ҳолда ғолиб ва совриндорлар номини аниқлашди.

Марафон якунида Мухлиса Тошева, Муниса Азимова, Севинч Тошпўлатова (18 — 25 ёш), Муниса Қорабоева, Қундуз Норбўтаева, Гулчеҳра Бобожонова (26 — 31 ёш), Азиз Муҳиддинов, Ислом Кабаев, Шаҳзод Қурбонбоев (18 — 25 ёш), Элвин Ибадов, Исмоил Етмишов, Исомиддин Абдураҳмонов (26 — 31 ёш)лар ўз гуруҳларида кучли учликдан жой олдилар.

Шунингдек, мусобақада “Энг ёш ва умидли иштирокчи”, “Ғалабага бўлган иштиёқи учун” каби номинациялар бўича ҳам ғолиблар аниқланди. Улар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси туман Кенгашининг махсус совғалари тақдим этилди.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан таъсис этилган махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz