ЯШНОБОД ТУМАНИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИНИНГ ҲИСОБОТИ ВА ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТИ

Юртбошимиз жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи чоғида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 28-29 март кунлари Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди.
Яшнобод туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 2022 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган айрим маълумотларга эътиборингизни қаратсак. Давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туманда жами 12 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилди. Учрашувларда қарийб 529 нафар тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Айни пайтда туманда 4453 тага яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатади. Йил бошидан “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 728 та корхонанинг 419 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 400 тадан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Яшнобод туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 694 та корхонадаги 3274 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда.
Хусусан, 2020 йилда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексини қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мол-мулк солиғи эса 2 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Айланмадан олинадиган солиғи ставкаси ўтган йилги фоизда сақлаб қолинди. Натижада, Яшнободлик тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда 1,5 баравар кўпайган бўлса, айланмадан олинадиган солиғи тўловчилар сони 3149 дан 3610 тага етди.
Жорий йилнинг 1-чорагида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали туман ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 1243 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатлар юзасидан 489 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди.
Мурожаат қилган 349 нафар фуқароларнинг банк пластик карточкасига 340,8 млн.соʼм пул маблағлари белгиланган тартибда ўтказиб берилди. Булардан ташқари 14 нафар фуқароларга 95,8 млн. сўмлик моддий ёрдамлар ажратилди.
Ҳурматли тадбиркорлар! Яшнобод тумани Давлат солиқ инспекцияси ходимлари “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида Сизларга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар. Бизга мурожаат қилинг барча саволларингизга жавоб беришга ва билмаганларингизни ўргатишга астойдил кўмаклашамиз.
Улуғбек Ҳотамов, Яшнобод тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи.