16 — 17 декабрь кунлари пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ишга марҳамат!” мономарказида ўнта касб йўналиши бўйича UZBEKISTAN SKILLS биринчи очиқ чемпионати бўлиб ўтганлигини хабар қилгандик. Унда ҳамюртларимиз билан биргаликда Россия ва Қозоғистон давлатлари вакиллари ҳам иштирок этишди.
Мазкур нуфузли тадбирда WorldSkills International ассоциацияси президенти Йос де Гой фахрий меҳмон сифатида қатнашди.
Тадбир доирасида меҳмон Яшнобод туманидаги Тошкент меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежига ҳам ташриф буюрди. Ташриф чоғида Йос де Гой ва унга ҳамроҳлик қилган меҳмонлар таълим масканида ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Келгусида юртимизда туризм салоҳиятини оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган йигит-қизлар бу ерда ўрганган касбий маҳоратларини меҳмонларга намойиш қилиб беришди. Эътиборлиси, ўқувчилар ўрганаётган касб сирлари ҳақида инглиз тилида ҳикоя қилдилар. Бу меҳмонларни ҳайратга солди. Коллеж ўқувчилари томонидан тайёрланган миллий таомлар ва қандолатчилик маҳсулотлари сифатиҳамда мазасига меҳмонлар юқори баҳо беришди.
Тадбир сўнггида WorldSkills International ассоциацияси президенти Йос де Гой коллежнинг фахрий меҳмонлари китобига ўз дастхатини ёзиб қолдирди. Сўнгра таълим маскани маъмурияти ва меҳмонлар бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этишди.
Манба: www.yashnobodnews.uz