“ELEKTRON HISOBLAGICH” ҚЎШМА КОРХОНАСИНИНГ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида 2004 йили фаолиятини бошлаган мазкур қўшма корхона “Ўзбекэнерго” АЖ, “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АЖ ва Хитойнинг “Chongqin Huahong” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Мазкур корхона ўн беш йиллик фаолияти давомида мамлакатимиз электр тизими корхоналарига, истеъмолчиларга миллионлаб замонавий электр ҳисоблагичларини етказиб берди. Қўшма корхонанинг икки турдаги бир фазали ва шунча турдаги уч фазали ҳисоблагичлари аниқлик ва ишончлилик борасида буюртмачиларнинг ижобий баҳосини олган.

Куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод туманида корхонанинг янги ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилди.

— Бунинг учун майдонимизни кенгайтириб, ускуналаримизни янгиладик, — дейди корхона бош директори ўринбосари Қаҳрамон Нурматов. — Яъни ишлаб чиқариш ва омборхоналарга 2100 квадрат метр қўшимча жой ажратилди. Умумий қиймати қарийб 1,9 миллион АҚШ долларилик замонавий ускуналар харид қилинди.

Бундан ташқари, яна қарийб 2 миллион долларлик линия ва дастгоҳлар келтирилиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, корхонамиз салоҳияти ортиб, маҳсулот турларини кўпайтиришга хизмат қилади.

Модернизациялаш тадбирларининг ушбу босқичида 60 нафарга яқин кишининг бандлиги таъминланиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 миллион донага оширилди. Лекин бу охирги кўрсаткич эмас. Янгиланиш жараёни тўлиқ якунига етказилгач, бир сменали иш ҳисобида йилига 3 миллион дона маҳсулот тайёрланиб, қўшимча 100 иш ўрни яратилади.

Корхона тақдимотида ҳамкор ташкилот — Хитойнинг “Holley Tеchnology” компанияси президенти  Ченг Вей Донг бизга яқин келажакда корхонанинг барча ускуналари автоматлаштирилиб, уни Ўзбекистондаги намунали субъектлардан бирига айлантириш режалаштирилаётганини, шунингдек, мини технопарк яратилиб, унда энергетика тизими учун зарур бўлган янги маҳсулотлар ўзлаштирилишини маълум қилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz