ГИЁҲВАНДЛИК — АСР ВАБОСИ

Инсон соғ-саломат экан, янги мақсадлар сари интилади, ҳаётида мазмун бўлади. Соғлиқни йўқотиш, айниқса, гиёҳвандликка мубтало бўлиш ҳаётни буткул издан чиқарибгина қолмай, инсоният генофондига ҳам хавф солади.

Шунинг учун ҳам гиёҳвандликка қарши курашиш дунё миқёсидаги глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам бу офатга қарши курашиш изчил йўлга қўйилган.

Пойтахтимизнинг Яшнобод темирйўл касб-ҳунар коллежида ёшлар орасида гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида «Вояга етмаганлар ўртасида гиёҳванд моддалар истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари» мавзуида маданий ва маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда гиёҳвандлик аср вабоси, унга қарши курашишда, авваламбор, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Тадбирда ёшлар орасига гиёҳванд воситаларни олиб кириш, тарқатиш ва сақлаш билан боғлиқ турли жиноятларнинг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.

Ўқувчиларга гиёҳвандлик тушунчаси, гиёҳванд воситаларнинг инсон организмига салбий таъсири тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ёшлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тадбирда ўқувчиларга “Интиҳо ёхуд йўқликка йўл” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этиб берилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz