Китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ҳамда билим манбаидир. Китоб – фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур чироғи ҳисобланади. Китобни инсон тафаккурининг қанотига қиёслашади. Зеро, тафаккури, дунёқараши кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Тўртинчи ташаббус айнан ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида 52-сонли ихтисослаштирилган мактабда “КИТОБ — МЕНИНГ ДЎСТИМСАН!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда “ШАРҚ” нашриёти савдо мажмуаси мезбонлик қилди. Унда турли адабий-бадиий китоблар намойиш этилди.
Жадвал асосида синфлар ўқувчилари китоблар ярмаркасида фаол иштирок етишди. Ҳар бир синфда ўқувчилар ўзлари ёқтирган 2-3 тадан китобларни харид қилишди. Ўқитувчилар ҳам турли хил бадиий, илмий, оммабоп китобларни сотиб олдилар ва ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдиришди. Тадбирга ота-оналар ҳам жалб қилинди. Улар ҳам ўзларини қизиқтирган китобларни харид қилиб, фарзандлари таҳсил олаётган мактаб кутубхонасига ҳадя этишди.
Манба: www.yashnobodnews.uz