МУАММОЛАР ЙЎҚ ЭМАС, АММО УЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШГА БАРЧА МАСЪУЛ!

Куни кеча Озодлик радиоси Инстаграмм саҳифасида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Султонали Машҳадий кўчасида жойлашган 1-уйда истиқомат қилувчи фуқаролардан бирининг “Бечора болаларимиз ахлат ичида ўйнаб юрибди” сарлавҳаси остида мурожаати эълон қилинди. Мазкур ҳолат туман ҳокимлиги томонидан ўрганилиб, қисқа фурсатда муаммо ечимини топди. Фуқаронинг бу каби ҳолатга бепарво эмаслиги бизни қувонтирди. Аммо…

Танганинг иккинчи томони бўлгани каби бизни бошқа жиҳатлар ўйлантириб қўйди. Ҳақиқатан юқорида кўрсатилган манзилда чиқинди ва ахлат уюмлари ҳосил бўлган. Шу ўринда бир савол туғилади: Чиқиндилар қаердан пайдо бўлиб қолди? Нега ҳолат шу даражага келгунига қадар ўша “дом”дагилар бунга бефарқ қарашди? Ёки ҳеч ким йўқ маҳалида бошқа маҳалладагилар чиқиндиларни шу ерга ташлаб кетишдими? Махсус қутилар қолиб, бу ҳудудга одамлар чиқинди тўкишаётганида нега ҳеч ким индамади?  Нечун аҳоли ўзи яшаётган ҳудудлар тозалиги, саранжом-саришталигини назорат қилишмайди? Қачонгача улар истаган жойларига ахлат ва чиқиндиларни ташлаб кетиб, ҳокимият ёки бошқа тегишли ташкилотлардан нажот кутишади? Ўз ўрнида биз ўзгалар меҳнатини ҳам қадрлашимиз керак, албатта. Шаҳримиз озодалиги йўлида тер тўкаётган “Махсустранс” ва ободонлаштириш идораларида фаолият юритаётганлар ҳам кимнидир ота-онаси, опа-укаси бўлади. Уларнинг ҳам чекаётган заҳмати ва машаққатли меҳнатини қадрлашнинг вақти келмадимикан?! Бу каби саволлар истаганча топилади.

Эътиборимизни тортган яна бир жиҳати, Озодлик радиоси учун видеони тасвирга олган ВАТАНДОШИМИЗ болаларни атайлаб бир жойга йиғиб, чиқиндилар устида ўйнатиб турганига гувоҳ бўласиз. Бу аҳволни кўриб, на кулишингни ва на ачинишингни биласан киши. Тасвирчи ватандошимизнинг ҳам фарзандлари ёки набиралари бордир ахир! Гўдакларни антисанитария ҳолатида чиқинди уюмлари устига чорлаб нимага эришиши мумкин. Ундан кўра, қўни-қўшниларга ахлат ва чиқиндиларни белгиланган жойга тўкиш кераклигини уқтирса яхши бўлмасмиди?! Ахир Сиз истиқомат қиладиган ўша уйда ҳам уй бошлиғи, йўлакбошиси бордир!!!

Тасаввур қилинг, ахлат ва чиқиндиларни ўзимиз йиғиб, ўзимиз видео ҳамда суратларга олиб Озодлик радиоси каби ижтимоий тармоқларга жойласак, буни қандай баҳолаш мумкин! Бу аҳволда маҳалла-кўй қачон тоза-озода, саранжом-саришта ва обод бўлади?! Ўсиб улғаяётган фарзандларимиз эртага кимлардан ибрат олишади?! Ўзимиз тегишли корхоналар хизматчилари билан ёнма-ён туриб, атроф-муҳитни тозалай олмасак ҳам ҳеч бўлмаса уларнинг меҳнатини қадрлашни ўрганайлик! Бир сўз билан айтганда, эртанги фаровон ҳаётимиз учун бугун барчамиз бирдек масъул эканлигимизни унутмаслигимиз даркор!!! Жойларда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш орқали ўз маҳаллаларимиз тозалиги ва ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик азиз юртдошлар! Юқоридаги каби жонкуяр (!) ватандошларимиз эса жойлардаги ёқимсиз ҳолатларни эмас, аксинча ана шундай ҳолат сабабчиларини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришса айни муддао бўлган бўларди. Зора, шунақа маданиятсиз ҳамюртларимиз учун бу сабоқ бўлса ажабмас.

Манба: www.yashnobodnews.uz