НОМЗОД БИЛАН УЧРАШУВ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Темир йўл касб-ҳунар коллежида сайловчилар билан 143-Саноат сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Ўзбекистон “Адолат”  социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Муаттархон Абдуллаева  сайловолди учрашуви ўтказди.

Учрашувда дастлаб номзоднинг ишончли вакили Равшан Тўраев сўзга чиқиб, Муаттар Абдуллаеванинг таржимаи ҳоли ва ҳозирда олиб бораётган иш фаолияти билан сайловчиларни таништирди.

Шундан сўнг, Муаттархон Абдуллаева сўзга чиқди.

— “Адолат” социал демократик партияси ўз олдига олижаноб ва эзгу мақсад-вазифаларни белгилаб олган, — деди номзод Муаттархон Илёсовна. — Сизнинг сайловлардаги фаол иштирокингиз ва хоҳиш-истагингиз билан биз мамлакатимиз бўйлаб кучли депутатлик корпусларини шакллантира оламиз ва кейинги 5 йил мобайнида уларни ҳаётга татбиқ эта оламиз.  Партиямиз дастурининг асосий мақсади — аҳолига кўрсатилаётган кафолатланган тиббий хизмат кўрсатилишини доимий назоратга олиш, тиббиётга замонавий технологияларни ва даволаш усулларини кенг жорий этиш, хусусий секторни барқарор ривожлантириш, даволаш-профилактика муассасаларига юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш, кадрлар билим салоҳиятини юқори даражага кўтариш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида малакали тиббий хизматни жорий этиш, болаларга бепул стоматология хизмати кўрсатиш ҳамда болалар ўртасида юқумли касалликларга қарши эмлаш юзасидан доимий изчил ишларни олиб боришни, халқ табобатини ривожлантиришдан иборат. Бунга ҳамоҳанг тарзда келажакда “Аҳолини тиббий маданиятини ошириш” давлат дастури қабул қилишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Учрашувда номзод Муаттархон Абдуллаева сайловчиларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб берди.

Манба: www.yashnobodnews.uz