“ТАРНОВБОШИ” — ЗАМОНАВИЙ МАҲАЛЛА ГУЗАРИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Тарновбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий маҳалла гузари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий асосларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу маҳалладаги 406 хонадон турли миллатга мансуб 2900 нафарга яқин аҳоли аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. Гузарда барча шароитга эга маҳалла идораси, кутубхона, тўйхона, савдо дўкони ва сартарошхона, профилактика инспекторининг хизмат идораси қурилган.

Замонавий усулда жиҳозланган маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биносида ходимлар ва профилактика инспектори учун барча шароит яратилган. Кенг ва ёруғ мажлислар зали ва бошқа хоналар ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.

Ушбу кўркам ва замонавий маҳалла гузарини барпо этишда тадбиркор Аваз Мадаминовнинг катта ҳиссаси бор.

Куни кеча “Тарновбоши” — замонавий маҳалла гузарининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди. Тадбирда тумандаги мавжуд 57 маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари ҳам иштирок этди.

Карнай-сурнай садолари остида кечган маросим сўнггида иштирокчилар учун тўкин дастурхон ёзилиб, ош берилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz