Тошкент давлат стоматология институти Япониянинг нуфузли “GC” компанияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқ манфаатлари йўлида изчил давом эттириш Тошкент давлат стоматология институти жамоаси олдида турган энг муҳим вазифалардан бири бўлиб, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб бориш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш каби йўналишларда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент давлат стоматология институти тиббиёт соҳасида 100 йилдан ортиқ даврда инновацион стоматологик ашёлар ишлаб чиқарувчи Япониянинг «GC» компанияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Шартнома доирасида институтнинг 50 нафар иқтидорли талабалари учун Японияда малака ошириш курсларида, шунингдек, илмий изланувчилар учун грант лойиҳаларида иштироки учун кенг имкониятлар яратилди.

Япониянинг «GC» компаниясининг Ўрта Осиё мамлакатлари бўйича вакили В. Березиннинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қисқа муддатда инновацияга йўналтирилган иқтисодиётни шакллантиришга ва инновацияларни кенг жорий этиш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шартнома имзолаш анжумани доирасида, И. Мечников номидаги Шимолий – ғарбий давлат тиббиёт университети профессори О. Кравец томонидан институт талабалари, магистрлар ва клиник ординаторлар учун терапевтик стоматология соҳасида замонавий ташхислаш ва даволаш усуллари бўйича маъруза ва маҳорат дарслари ташкил этилди.

Анжуман давомида, Япония корхонаси билан ҳамкорликда илмий тадқиқот изланишларни кенг татбиқ этиш, таълим жараёнини модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг илм-фанини дунё ҳамжамиятига таништириш ва мустаҳкамлаш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби истиқболли режалар бўйича келишувларга эришилди.

Маълумот ўрнида: Тошкент давлат стоматология институти бугунги кунда Ўзбекистон етакчи тиббиёт олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, Бутун жаҳон тиббий таълим аккредитацияси ва халқаро ISO 9001:2015 сертификацияси ўтган ягона ОТМ бўлиб, академик ва молиявий мустақилликка эга бўлди.

Илм-фан ва инновациялар соҳасидаги натижалар олийгоҳларнинг халқаро даражада тан олинишида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, 2022 йилда Тошкент давлат стоматология институти Times Нigher Education (THE) рейтинг агентлигининг импакт рейтингида (THE Impact Rankings 2022) кучли 1001+ рўйхатига кирди. Мазкур рейтинг агентликлари рўйхатига киришда муҳим кўрсаткичлардан бири – бу, олий таълим муассасаси профессор – ўқитувчиларининг нашр фаоллиги ҳисобланади.