ЯШНОБОД ТУМАНИДАГИ САЙЛОВЛАРДА ҒАЙРИҚОНУНИЙ ҲОЛАТ АНИҚЛАНМАДИ

Хабарингиз бор, 22 декабрь оқшомида Хушнудбек Худойбердиевнинг телеграм каналида Яшнобод туман ҳокимлиги сайлов комиссиясининг тегишли сайлов округлари масъуллари билан телеграмда тузилган гуруҳидаги ёзувлар эълон қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан ўша вақтнинг ўзида Тошкент шаҳар ҳокимлиги тегишли ҳуқуқ тартибот органлари билан биргаликда зудлик билан ишчи гуруҳини ташкил қилиб, Яшнобод тумани ҳокимлигидаги ҳолат ўрганилди.

Унга кўра, ушбу ёзувлар ҳақиқатан ҳам Яшнобод туман ҳокимлиги Кадрлар бўлими раҳбари Қудрат Ҳусановга тегишли бўлган.

Сайлов округи жойлашган Тошкент давлат стоматология институти биносида Қудрат Ҳусанов ва туман сайлов комиссияси бошқа масъуллари билан журналистлар ҳамда блогерларнинг учрашуви ўтказилди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси юқорида келтирилган маълумотни тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этди. Прокурор-тергов ходимлардан иборат махсус гуруҳ мазкур хабарни синчковлик билан ҳар томонлама ўрганиб чиқди.

Ўрганишлар якунига мувофиқ, унда Тошкент шаҳри Яшнобод туманида сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларига овозларни санаб чиқиш бўйича якуний баённома нусхасини тўлдириш, баённома нусхаларини ҳеч кимга тарқатмаслик юзасидан ғайриқонуний кўрсатма берилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмади. Фақат ташкилий ишларни йўлга қўйишда Қудрат Ҳусановнинг ёшлиги ва тажрибасизлик қилганлиги алоҳида таъкидланди. Унинг сайлов якунлари бўйича масъуллардан қилган талаби айримлар томонидан нотўғри талқин қилинишига ва якунда мунозараларга сабаб бўлган.

Манба: www.yashnobodnews.uz