“ЁШЛАР — БИЗНИНГ КЕЛАЖАГИМИЗ!”

Яна бир неча кундан кейин юртимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

Айни пайтда мамлакатимиз таълим муассасаларида тантаналар аллақачон бошлаб юборилган. Куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам ушбу қутлуғ байрамга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, туман халқ таълими, маданият ҳамда туман ички ишлар бўлимлари ҳамкорлигида уюштирилган байрам тадбири “Ёшлар — келажагимиз” деб номланди.

Байрамга тумандаги мавжуд умумтаълим мактабларининг дарсларни ўзлаштириши қийин бўлган ҳамда туман ҳокимлиги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси ҳамда ички ишлар бўлимида рўйхатда турган тарбияси оғир ўқувчилар таклиф этилди. Тадбир доирасида тумандаги мавжуд умумтаълим мактаблари қошида фаолият кўрсатаётган “Моҳир қўллар”, “Ёш рассомлар” каби тўгараклар аъзоларининг ижод намуналари ҳам намойиш қилинди. Бундан кўзланган бош мақсад тарбияси оғир ўқувчиларни фойдали меҳнат ва машғулотларга жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишдан иборат.

Ўзига хос тантана тусини олган ушбу тадбир 1 октябрь — Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига бағишланди. Унда тумандаги мусиқа ва санъат мактаблари, бадиий тўгараклари тарбияланувчилари томонидан дилрабо куй-қўшиқлар ижро этилди. Байрам йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди.

Манба: www.yashnobodnews.uz