Ўзбекистон кубоги: “ЯШНОБОД” НИМЧОРАК ФИНАЛДА “ПАХТАКОР” БИЛАН КУЧ СИНАШАДИ

Футбол бўйича Ўзбекистон XXVIII миллий чемпионати ПРО лигаси дебютанти “Яшнобод” жамоаси мавсумни кўтаринки руҳда ўтказмоқда. Гарчи, яшнободликлар чемпионатда барқарор ўйин намойиш эта олишмаётган бўлсалар-да, Ўзбекистон кубоги баҳсларида ўзининг муваффақиятли юришини давом эттирмоқда.

Азизжон Файзиев бош мураббийлик қилаётган “Яшнобод” футболчилари мамлакат биллур соврини мусобақасининг дастлабки босқичида сафарда Тошкентнинг “Чиғатой” жамоасини 0:1 ҳисобида мағлуб этганида кўпчилик ғалабани тасодифга йўйишганди. Сўнгра яшнободликлар 1/32 финал босқичида Бухоронинг “Ғиждувон” вакиллари устидан 3:1 ҳисобида устун келишди.

Қуръага кўра, Азиз Файзиев шогирдлари 1/16 финалда Самарқанднинг “Динамо” жамоасига рўбарў келишди. Эътиборлиси, ПРО лига жамоаларидан биринчи бўлиб, яшнободликлар сафарда супер лига вакили — динамочиларни (2:3) енгиб, мусобақадан чиқариб юборишга муваффақ бўлдилар.

Куни кеча Ўзбекистон кубогининг 1/8 финал босқичига қуръа ташланди. Қуръага кўра, энди “Яшнобод” футболчилари мамлакатимизнинг амалдаги вице-чемпиони ва миллий чемпионатимиз пешқадами Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасига қарши майдонга тушадиган бўлди. Мазкур ўйин 4 август куни пойтахтимиздаги марказий “Пахтакор” стадионида соат 20.00 да бошланади.

Жамоа ўзагини асосан 20-21 ёшли футболчилар ташкил этувчи “Яшнобод” вакилларига ушбу учрашувда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Манба: www.yashnobodnews.uz