“ADL PLAST”НИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида фаолият кўрсатаётган “ADL PLAST” масъулияти чекланган жамияти 2008 йилда ташкил этилган бўлиб,  полипропилен ва полиэтилен қопларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар ички бозорда кенг тарқалган. Айни пайтда  мамлакатимизнинг йирик кимё саноати ва тўқимачилик корхоналари билан мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Эътиборли жиҳати,  “ADL PLAST” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқараётган полипропилен қоп маҳсулотлари юз фоиз маҳаллий  хом ашёдан тайёрланмоқда. Президентимиз ва давлатимизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик кўрсатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари боис, кейинги пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорт ҳажми тобора ортиб боряпти. Жумладан, “ADL PLAST”нинг маҳсулотлари асосий қисми Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон республикаларига экспорт қилинаётир.

— Бугун — замон тезкор, — дейди корхона раҳбари Аброр Валибоев. — Маҳсулотларимиз сифатини яхшилаш, ишимиз самарадорлигини оширишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Жаҳон бозорида маҳсулотимиз рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида 2018 йили Таиба Лизинг компанияси орқали лизинг асосида Хитой Халқ республикасидан замонавий HENGLI дастгоҳларини олиб келишга қарор қилдик. Бу компания дунё тан олган нуфузли компаниялардан ҳисобланади. Унинг дастгоҳлари Ўрта ва Жанубий Осиё давлатларидан ташқари Африка, Европа, Америка қитъаси мамлакатлари саноат корхоналарида самарали ишлаб келмоқда. Ана шу HENGLI дастгоҳлари ўрнатилиши натижасида корхонамизда янги иш ўринлари яратилди. Бунгача корхонада 80 нафар ишчи меҳнат қилган бўлса, уларнинг сафи 140 нафарга етди. Ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ўз-ўзидан ортганлиги қувонарлидир. Эндиликда корхона бир йилда 20 миллион дона полипропилен ва полиэтилен қоплари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди.

Куни кеча “ADL PLAST” масъулияти чекланган жамиятида янги ишлаб чиқариш линиясининг ишга туширилиши ўзига хос байрамга айланиб кетди. Тантанали маросимда Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов ва соҳанинг бошқа мутасаддилари иштирок этишди.

Манба: www.yashnobodnews.uz