Илк парвоз

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида очилган навбатдаги кўргазма шундай номланди.

Ушбу кўргазмага келган рассомлар, санъатшунослар ва журналистлар Республика рассомлик коллежи ўқувчиларининг ижодий фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлди.

Кўргазма очилишида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар юртимизда навқирон авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган қулайликлар уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Республика рассомлик коллежида ёш иқтидор эгалари тасвирий ва амалий санъат бўйича пухта билим олади, мусаввирлик сирларини ўрганади. Айниқса, Шарқ миниатюраси анъаналарини давом эттириб келаётган ижодкорларни шакллантиришда бу маскан жамоасининг алоҳида ўрни бор.

Миниатюрачи рассом Ҳасан Исоқжонов шундай жонкуяр ва фидойи устозлардан. У 35 йилдан буён миниатюра йўналишида таълим бериб келмоқда. Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий йодгорлик мажмуаси каби иншоотларнинг бадиий безак ишларида фаол қатнашган.

– Мен Ҳасан Исоқжоновни меҳрибон ва жонкуяр устоз, ўз касбининг устаси, деб биламан, – дейди рассом Абдуҳаким Каримов. – «Устоз-шогирд» анъанасини муносиб давом эттириб келаётган ижодкор шогирдларига миниатюра элементларини ўргатар экан, унинг ўта нозиклигини, бинобарин, рангларни ўзаро уйғунлаштириш, пропортсияларни сақлаш, композицияни тўғри жойлаштиришга эътибор қаратишни таъкидлайди. Бугун кўргазма залига ўзгача ҳусн ва виқор бахш этган Ҳасан Исоқжонов ва унинг ўқувчилари қаламига мансуб миниатюраларда қаламтасвирнинг нафислиги, ранглар палитрасининг бойлиги, замонавий руҳ ва анъаналар давомийлигини кўриб, чин маънода ҳайрат ва ҳавас туясан киши.

Экспозициядан жой олган Ҳасан Исоқжонов ва Малика Сатбаэва, Азиз Даминов, Шаҳзод Турсунмуҳаммедов, Алишер Авазов, Баҳром Холбоэв, Гулираъно Абдуллаэва, Гулҳаё Абдуллаэва, Зарина Шералиэва, Шерали Мусаэв, Суҳроб Шермуҳаммедов, Ойбек Норбоэв каби шогирдларининг 50 дан ортиқ миниатюра асари ўзига хос бадиийлиги, чуқур маъно ва мазмунга эгалиги, бетакрорлиги билан барчага манзур бўлаётир.

Насиба Зийодуллаэва, Аъло Абдуллаэв (сурат), ЎзА
22.11.2017