UZ KUN телеграмм каналидаги воқеликка ойдинлик киритилди

Куни кеча UZ KUN телеграмм каналида блогер Елена Пак томонидан киритилган видеолавҳада пойтахтимизнинг Яшнобод тумани “Наврўзобод” маҳалласи Авиасозлар 4-мавзеси 31 уй, 38 хонадонда яшовчи Марина Хасанова унинг қизи Светлана Наврачюкнинг ачинарли аҳволда яшаётганлиги, уларнинг холидан на маҳаллий ҳокимият вакиллари ва жамоатчилик бехабар эканлиги тилга олинганди.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов раҳбарлигида махсус гуруҳ юқоридаги манзилга етиб боришди. Жумладан, туман ИИО ФМБ бошлиғи Атамурад Аҳмедов, хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳматуллаева, фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Равшан Тўраев, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Галина Дурманова ҳамда маҳалла фаоллари ҳолатни пухта ўрганишиб, масалани ижобий ҳал этишди…

— Видеолавҳадаги ҳолат бўйича ҳокимлик вакиллари ёки жамоатчиликни айблаш ўринсиз, — дейди тиббиёт бирлашмаси бош шифокор ўринбосари Галина Геннадьевна. — Фуқаро Марина Хасанова 1940 йилда туғилган. Унинг  қизи Светлана Наврачюк 52 ёшда. Улар рухий-асаб касалликлари диспансерида назоратда туради. Муаммо шундаки, она ва қиз қўни-қўшнилар ва атрофдагилар билан мулоқот қилишни исташмайди. Жумладан, 30-оилавий поликлиникадан бириктирилган шифокор Гули Давлетова ҳамда ҳамшира Ҳабиба Ходжиметова томонидан кўп маротаба уларнинг ҳолидан хабар олиш учун келинганда уйни эшигини очмаслиги туфайли патронаж  қилинмаган.

— Бу хонадон ҳақида маҳалла ва қўни-қўшнилар жуда яхши билишади, — дейди “Наврўзобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мавлуда Турдибаева. — Марина Хасанова ва унинг қизи ўттиз йилдан бери шу ерда яшашади. Турли байрамларда улардан хабар олиб турамиз. Ачинарлиси, Марина Хасанова ахлатхонадан турли хил нарсаларни уйига мунтазам равишда ташиб олиб келади.  Маҳалламиз фаоллари ва туман ободонлаштириш бўлими ходимлари ҳамкорликда 2019 йилнинг ўзида бир неча маротаба шу хонадондан машинада ахлат ва чиқиндиларни чиқардик. Афсуски, она ва қиз жамоатчиликнинг фикри ҳамда саъй-ҳаракатларидан хулоса чиқармасдан келишмоқда.

Юқоридаги ҳолат бўйича 2-сонли шаҳар руҳий-асаб касалликлари диспансеридан мутахассислар чақиртирилиб,  улар кўрикдан ўтказилди. Марина Хасанова ҳамда Светлана Наврачюк маҳалла профилактика нозири билдиргиси асосида  рухий-асаб касалликлари шифохонасига  даволашга ётқизилди.

Туман ҳокими топшириғига кўра, “Наврўзобод” маҳалласи Авиасозлар 4-мавзедаги  31-уй, 38-хонадон қисқа вақтда ободонлаштириш идораси ишчи-хизматчилари томонидан тозаланди.

— Рости, қўни-қўшнилардан бу оила ҳақида эшитиб, видеолавҳани телеграмм каналга жойлагандим, — дейди блогер Елена Пак. — Афсуски, Марина Хасанова ва унинг қизининг саломатлигидаги муаммоларни ўз кўзим билан кўриб, уйидаги аҳволга гувоҳ бўлгач, нима дейишга ҳам ҳайронман. Маша хола билан суҳбатлашганимда, у на ҳокимият, на маҳалла ва на тиббиёт ходимлари улардан хабарлашмаётганлиги, ёрдам бермаётганлигини таъкидлаганди. Энди билдимки, янглишган эканман. Мен чин дилдан уларга ёрдам бермоқчи, жамоатчилик эътиборини ушбу муаммога тортмоқчийдим. Аслида эса асосий муаммо уларнинг ўзида экан. Маҳаллий ҳокимлик, тегишли идоралар ва жамоатчилик уларга кўп бора ёрдам қўлини чўзишига қарамай, бу хонадондагилар уларни рад этишган. Ҳатто бир неча маротаба уйни ахлат ва чиқиндилардан маҳалла ва ободонлаштириш идораси ишчилари тозалаб беришган бўлса-да, Марина Хасанова тағин ўз “севимли” иши давом эттираверса?!  Ҳозир нима дейишга ҳам ҳайронман, холос.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Марина Хасанованинг яна бир қизи Аня шу мавзедаги қўшни “дом”лардан бирида яшар экан. Афсуски, қўшниларнинг таъкидлашларича, бу фарзанди 2-3 ойда ҳам бирор марта онаси ва опаси ҳолидан хабарлашмайди.

Биз имкон қадар воқеликни ўрганишга ва тафсилотни сизнинг ҳукмингизга ҳавола этишга уриндик. Энди хулосани ўзингиз чиқаринг! Юқоридаги манзилда ҳақиқатан ижтимоий муаммо йўқ эмас. Туман ҳокимлиги ва тегишли масъул идоралар қисқа фурсатда муаммони ижобий ҳал этиш чораларини кўришди. Жумладан, туман ҳокими топшириғига кўра, хонадон соҳиблари назоратга олиниб,  тез кунларда уй қайта таъмирдан чиқарилади. Блогер жамоатчилик эътиборини топишга интилгани яхши. Аммо у ўз навбатида муаммони қандай ҳал этиш борасида бирор фикр билдирса айни муддао бўларди?!

Яшнобод туман ҳокимлиги Матбуот хизмати

Манба: www.yashnobodnews.uz