КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин 18 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюриб, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигида амалга оширилаётган телемедицина лойиҳаси тақдимоти билан танишди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг ўз ташрифини Тошкентдаги Инҳа университетидан бошлашида ўзига хос рамзий маъно бор. Ушбу университет Жанубий Кореянинг Ўзбекистонда ташкил этилган биринчи олий таълим муассасаси бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликнинг ёрқин рамзига айланди.

2014 йилда фаолият бошлаган университет мамлакатимизда IT технологияларини ривожлантириш, Корея Республикасининг бу соҳадаги салоҳиятини юртимизда татбиқ этишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Бу ерда компьютер технологиялари ва дастурий инжиниринг ҳамда логистика йўналишларида 1 минг 300 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 2018 йили университетни тугатган биринчи 100 нафар битирувчининг аксарияти мамлакатимиздаги нуфузли компания ва ташкилотларда фаолият юритмоқда. Битирувчиларнинг бир гуруҳи Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг етакчи университетларида магистратурада ўқишни давом эттирмоқда.

Мун Чжэ Ин университетда ўқитувчи ва талабалар учун яратилган шарт-шароит билан танишди. Корея Республикаси раҳбарига Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги телемедицинани ривожлантириш бўйича «Digital Health Care» қўшма лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Ундан кўзланган мақсад Корея Республикаси тажрибасидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистонда рақамли тиббиётни ривожлантиришдир.

«Digital Health Care» лойиҳаси Жанубий кореялик ва ўзбекистонлик шифокорлар ўртасида масофадан туриб беморларни даволашда маслаҳат ва ташхис алмашиш шаклида ҳамкорлик қилишга қаратилган.

Инҳа университети госпитали экспертлари лойиҳанинг дастлабки натижаларини Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларидан бирида олдиндан ўрганиб, кейинчалик уни бошқа шифохоналарга татбиқ этади. Лойиҳа Расмий тараққиёт ёрдами (Official Development Assistance, ODA) дастури кўмагида молиялаштирилади.

Лойиҳа Тошкент тиббиёт академияси, Тошкентдаги Инҳа университети ва Жанубий Кореядаги Инҳа университети госпитали, «Hanjin Information Systems & Telecommunication Co., Ltd», «U-SHIN C & C Co., Ltd.», «HeSel Co., Ltd.» компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилади.

Президент Мун Чжэ Ин Корея Республикаси билан Ўзбекистон ўртасида йўлга қўйилаётган мазкур янги йўналиш мамлакатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ҳамкорлигини барча соҳалар қатори тиббиёт бўйича ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг соғлиқни сақлаш тизими лицензиялари тан олинган, шифокорларимиз бу ерда кенг фаолият олиб бормоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, рақамли тиббиёт соҳасида Жанубий Кореянинг имкониятлари ва Ўзбекистоннинг ушбу йўналишга катта қизиқиши томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқларимизнинг ҳаёт сифатини юксалтиришга хизмат қилади. Мамлакатларимиз «тўртинчи саноат инқилоби» даврида стратегик шериклар сифатида ҳамкорликни давом эттиради, деди Мун Чжэ Ин.

Президент Жанубий Корея ҳукуматининг ушбу лойиҳада фаол иштирок этишини қайд этиб, янги йўналиш мамлакатларимизнинг тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 19 апрелга мўлжалланган.

Давлат раҳбарлари Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотнинг давоми сифатида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қиладилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар.

Ташриф дастуридан Президент Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси аъзолари, икки мамлакат етакчи компаниялари бизнес-форуми қатнашчилари билан учрашувлари ҳамда Тошкент шаҳрида Корея маданияти ва санъати уйининг очилиш маросимида иштирок этиши ўрин олган. Шунингдек, Самарқанд шаҳрига ташриф режалаштирилмоқда.

Музокаралар якунида Қўшма декларация қабул қилиш, салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами, шунингдек, савдо шартномалари ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар имзолаш мўлжалланмоқда.

Матназар Элмуродов, ЎзА

Манба: www.yashnobodnews.uz