ОИЛАГА ЭЪТИБОР — ЎЗЛИГИМИЗГА ЭЪТИБОР!

Куни кеча Яшнобод туман ҳокимлиги мажлислар залида  туман ҳокими ўринбосари,  Хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳматуллаева раислигида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармон талабларидан келиб чиқадиган устувор вазифалар тўғрисида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда “Оила” маркази, туман ФҲДЁ бўлими раҳбари Зулайҳо Камолходжаева, Яшнобод туман прокуратураси катта терговчиси, 2-даражали ҳуқуқшунос У.Камилов, Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши  биринчи ўринбосари Р.Тўраев ва унинг ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, диний-маърифий ва аҳлоқий-тарбия масалалари  бўйича маслаҳатчилар, умумтаълим муассасалари, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ҳамда корхона ва ташкилотларнинг бошланғич хотин-қизлар қўмиталариниг раислари иштирок этди. — Президентимиз таъкидлаганидек, хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак, — дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳматуллаева. — Оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибордир. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида мавжуд муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Шунга кўра, республика, вилоят, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари тузилмаси тубдан такомиллаштирилди.  Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгилаб берилди. Эндиликда Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногирон хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан якка тартибда ишлаш тизими жорий этилади. “Оила” маркази ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Судлар томонидан қарор қабул қилинаётганда, биринчи навбатда, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чоралар кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Жойлардаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари фаолияти танқидий ўрганилиб, уларга ўз вазифаси моҳиятини тушунадиган, адолатли, оилавий қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, профессионал кадрлар тайинланади. Ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида иш олиб борилади. Тадбирда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-аҳлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришниг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қанча тизимли муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича тўхталиб ўтилди ва бундай камчиликларни бартараф этиш бўйича бажариладиган вазифалар белгиланиб олинди.

Манба: www.yashnobodnews.uz