Президентлар Тошкент шаҳрида Корейс маданияти ва санъати уйи очилиши маросимида иштирок этди

Тошкент шаҳрида 20 апрель куни Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин рафиқалари билан биргаликда ушбу дўстлик ва маданият саройини очди.
– Пойтахтимиз кўркига-кўрк қўшиб турган ушбу муҳташам иншоот қиёфасида замонавий архитектура ютуқлари анъанавий корейс маданияти уйғунлашган. Бу маскан халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга чиққанининг ёрқин тасдиғидир, – деди давлатимиз раҳбари.
– Бу марказ дўстлик, аҳиллик ва муштараклик майдонидир. Ўйлайманки, у Ўзбекистондаги корейс диаспораси, шу ерда ишлаётган кореяликлар ва барча ўзбекистонликлар учун умумий уй бўлади. Кўп жиҳатдан ўхшаш халқларимиз ва биродарлашган давлатларимизни боғлаб туради, – деди Мун Чжэ Ин.
Саҳнада корейсларнинг юртимизга кўчириб келиниши, халқимиз билан аҳил яшаши ҳақида бадиий композиция намойиш этилди.
Маълумки, 1937 йилда Узоқ Шарқдан ўн минглаб корейслар мамлакатимизга кўчирилган. Ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамай, ўзбек халқи уларни очиқ қалб билан қабул қилган, уларга бошпана бериб, меҳр кўрсатган. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва қатъий иродаси, халқларимизнинг менталитети ўхшашлиги туфайли корейслар юртимизда иккинчи Ватанини топди. Улар Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланди.
Корейс диаспораси кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ажралмас бўлаги бўлиб, анъанавий тарзда республика миқёсида ўтказиладиган барча оммавий ва маданий тадбирларда фаол иштирок этади.
Пойтахтимиздаги ”Дўстлик боғи”да корейс диаспораси томонидан саховатли ўзбек заминидаги бағрикенглик, самимийлик ва ғамхўрлик, тинч ва осойишта ҳаёт учун миннатдорлик белгиси сифатида ёдгорлик монументи барпо этилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда 180 мингдан зиёд корейс миллатига мансуб юртдошларимиз яшайди. Уларнинг уч юзга яқини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.
Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакиллари қатори корейс миллатига мансуб юртдошларимиз учун ҳам ўз миллий маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Ўнлаб корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда корейс филологияси ўқитилмоқда.
Корейс тилида китоб ва газеталар чоп этилмоқда, кўргазмалар, концерт ва фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Давлат раҳбарлари ўзбекистонлик корейс рассомлари асарлари кўргазмаси билан ҳам танишди.
Бугун пойтахтимизга ўзгача кўрк бағишлаб турган Корейс маданияти ва санъати уйи қурилиши бундан уч йил муқаддам бошланган. Шавкат Мирзиёев ушбу иншоотга рамзий тамал тоши қўйиш маросимида қатнашган эди.
Корейс маданияти ва санъати уйи 478 ўринли киноконцерт зали, конференциялар зали, кутубхона, бадиий галерея, ресторан ва хизмат хоналарни ўз ичига олган. У жамоатчилик ва ёшлар интиладиган, муштарак маданиятимизни бойитадиган яна бир масканга айланади. Бу кун алоҳида стратегик шерик давлатлар – Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари тарихида яна бир ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА

Манба: www.yashnobodnews.uz