Тадбиркорга имтиёзлар янги имкониятлар эшигини очади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакатимиз аҳолиси бандлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз, жамиятимиз саховатпеша тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Бугун пойтахтимиздаги “Ишга марҳамат!” Мономарказида Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов, Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Хотамбек Шакиров ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашди.

 


Очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечган тадбирда пандемия даврида аҳолини озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан кафолатланган ҳолда таъминлаш, фуқаролар даромадларининг пасайиб кетишига йўл қўймаслик, ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб вазифалар ҳақида сўз борди. Мамлакатимизда карантин режимини босқичма-босқич юмшатиш, санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилган ҳолда тезроқ нормал ҳаётга қайтиш, корхоналарда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган дастлабки чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.Жумладан, қисқа фурсатда Яшнобод туман ҳокимлиги қошида коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат ва саноат ишлаб чиқариш корхоналари муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича штаб иш бошлади.
Тадбирда Президентимиз томонидан аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақидаги ташаббусига хайрихоҳ тадбиркорлар учун солиқ тизимида амалга ошириладиган имтиёзлар тушунтириб ўтилди. Жумладан, тадбиркорларга имтиёзлар бериш орқали кам таъминланганларни иш билан таъминлаш, санитария-эпидемиология қоидаларига амал қилган ҳолда маҳаллаларга озиқ-овқат ва истеъмол моллари етказиб бериш йўлга қўйилиши таъкидлаб ўтилди. Кам фоизли кредитлар ажратиш, солиқ ва кредит таътили бериш орқали тадбиркор ҳам, ўша ҳудуддаги кам таъминланган оилалар ҳам манфаатдор бўлиши билдирилди. Шунингдек, туман ҳокимлиги вақтинча иш фаолиятини тўхтатган қурилиш корхоналари фаолиятини қайта тиклаш борасида зудлик билан зарур бўлган барча чораларни кўрмоқда ва бу борада амалий ишлар бошлаб юборилгани маълум қилинди.
— Давлатимиз раҳбарининг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуслари биз тадбиркорларни беҳад руҳлантирди, — дейди «Green apple woorking» корхонаси раҳбари Сардор Сувонқулов. — Ҳозирги пандемия даврида биз ҳам бир четда қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Келажакда аҳолини ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмасдан корхонамизда аҳоли учун элликта янги иш ўрни яратиб, туманимизда ишсизликни камайтиришга ҳиссамизни қўшишни мақсад қилдик. Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан эълон қилинган солиқ имтиёзлари биз тадбиркорларни янада кўпроқ изланишга, ишлашга, халқимиз учун янада қайғуришга ундайди.
Йиғилишда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган ва ўйлантираётган кўплаб саволларга батафсил жавоб олишди.

Яшнобод туман ҳокимлиги Матбуот хизмати