«Футбол дўстлик учун» лойиҳасида яшнободлик ёш футболчи Ўзбекистон номидан иштирок этади

ФИФА ва “Газпром” компанияси томонидан ўтказиладиган “Футбол дўстлик учун” халқаро болалар лойиҳасининг еттинчи мавсуми старт олгани хабар бериб ўтгандик.

Лойиҳанинг асосий мақсади бутун дунёдаги ёш авлод ўртасида дўстлик, тинчлик, турли миллат ва маданият вакилларига ҳурмат каби юксак инсоний тушунчаларни тарғиб қилишдан иборат. 2019 йилда “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида 211та мамлакат вакиллари иштирок этишади. Мавсумнинг якуний тадбирлари 28 май – 2 июнь кунлари Мадрид шаҳрида бўлиб ўтади. “Футбол дўстлик учун” лойиҳаси бутун дунёдаги болаларни бирлаштиради. Улар ўртасида футбол бўйича турнир ташкил этилади. Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, жорий йилда экология муаммоларига катта аҳамият қаратилади. Шу мақсадда бутун дунёдан келадиган болалардан ташкил топадиган футбол жамоалар ноёб ва йўқолиб бораётган жониворлар номи билан аталади.

Ўзбекистон футбол Ассоциацияси мазкур лойиҳада учинчи марта иштирок этади. Бу йил Ўзбекистон шарафини ёш дарвозабон, ҳимоячи, ярим ҳимоячи ҳамда ёш мураббий ҳимоя қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг сунъий қопламали майдонида номзодларни саралаб олиш жараёни бўлиб ўтди. Саралаш жараёни уч босқичда ўтказилди: жисмоний ҳолат ва спорт маҳоратини намоён қилиш, хорижий тилларни билиш даражасини текшириш ва атрофдагилар билан мулоқот қилиш қобилиятини кўрсатиш. Комиссия қарорига кўра номзодлар орасидан муносиблар танлаб олинди. Унга кўрса бу йил «Футбол дўстлик учун» лойиҳасида Ўзбекистон шарафини Асилбек Нўъмонов («Насаф» академияси), Абдулла Турсунбоев («Чиғатой» футбол мактаби), Асадбек Рўзимов («Яшнобод») ва Марина Косникова («Бунёдкор» академияси) ҳимоя қиладиган бўлди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси саралашдан ўтган барча ёш футболчиларга лойиҳада омад тилайди ва Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишни тилаб қолади!

Манба: www.ufa.uz