САЙЛОВГА ҲОЗИРЛИК АВЖИДА

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Уйсозлар” маҳалла фуқаролар йиғинида Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати Акмал Рўзитоев иштирокида ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масаласи муҳокама этилди. Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори яна бир бора чуқур ўрганилиб, ишчи гуруҳи аъзолари зиммасига тегишли масъулиятлар юкланди.

Таъкидландики, бу галги фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови жамиятни янада ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш шароитида ўтиши, 2018 йилнинг октябрида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинганлиги, унда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) уч йил муддатга сайланиши, яширин овоз бериш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг ваколатлари, фуқаролар вакилларининг сони, сайловда иштирок этиш ҳуқуқи, сайловни тартибли ва намунали ташкил этиши лозимлиги каби янги қоидалар муҳокама қилинди.
Манба: www.yashnobodnews.uz