Яшнобод туман ҳокимининг аҳолига мурожаати(тўлиқ матн)

Ассалому алайкум,

Ҳурматли депутатлар ва йиғилиш иштирокчилари!

Бугун 2021 йилни якунлаб, яна бир янги йилни қарши олиш арафасида турибмиз.

Жорий йилда эришган натижаларимиз тарихга айланиб, олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда.

Шу боис, хозирда Сизлар билан биргаликда 2021 йил учун белгилаб олинган вазифаларимиз натижасини муҳокама қилиб, келгуси йилдаги вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.

Барча депутатларимизга, улар орқали туманимиз аҳолисига мурожаат қилиб айтмоқчиман – Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганларидек, демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишимиз, илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилишимиз лозим. “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси йилда барча ислохотларимиз аҳолига муносиб шароитлар яратишга қаратишимиз зарур бўлади.

Ҳамма мутасадди раҳбарлар бир ҳақиқатни тушуниши керак, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолининг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлиши биз учун жуда муҳим.

Шунингдек, одамлар етарли даромад топиши учун қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантириб, янги-янги корхоналар ва иш жойларини кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш каби долзарб масалаларни амалга оширишимиз керак.

Шундай экан, туман ҳокими бошчилигида барча бўғиндаги раҳбарлар  тадбиркорлар билан яқиндан туриб, биргаликда ишлаш тизимини тубдан ўзгартиришимиз керак. Бунинг учун барча имкониятлар бизга яратиб берилган.

 

Ҳурматли депутатлар!

2021 йилда Яшнобод туманини ривожлантириш дастурининг асосий иқтисодий кўрсаткичлари бўйича йил якунига ўсиш суръатлари таъминланиши кутилмоқда. Жумладан:

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 18,4 трлн  сўм, ўсиш – 113,4 фоиз, аҳоли жон бошига 67,9 млн сўм;

Жами хизматлар ҳажми  5,7 трлн сўм, ўсиш 127,5 фоиз, аҳоли жон бошига 19,5 млн сўм;

Чакана савдо товар айланмаси – 3,5 трлн сўм, ўсиш 119,9 фоиз, аҳоли жон бошига 12,5 млн сўмни ташкил этди.

Инвестиция дастурига мувофиқ жами 397,5 млн. доллар, шундан 290,5 млн. доллар тўғридан -тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Белгиланган топшириқ режаси ошиғи билан бажарилди.

Янги 53 та инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш натижасида 2 074 та янги иш ўринлари яратилди. Ушбу янги лойиҳалар ҳисобига қўшимча йилига 60,5 млрд. сўмдан ортиқ солиқ тўлаш базаси яратилди.

Йил якунига қадар яна қўшимча қиймати 22 та лойиҳа ишга туширилиши кутилмоқда. Натижада яна қўшимча 2448 та иш ўринлари яратилади.

Экспорт дастурига мувофиқ 112 та корхоналар томонидан жами 123,9 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичи 128,1 фоизга бажарилди.

Экспортнинг 123,1 млн. долларини саноат маҳсулотлари ташкил этса, қолган 781  минг доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.

Албатта, бу натижаларга Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига яратилаётган шароитлар ва қабул қилинаётган қарорлар билан белгилаб берилган экспортёр корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлашлар орқали эришилди.

Жумладан:

Ҳукумат комиссияси қарорларига асосан туманимиздаги  27 та экспортёр корхонага 69 млрд. сўм қўшимча қиймат солиғи қайтариб берилди;

экспорт маҳсулотларига ташқи бозорларда харидор топиш мақсадида 34 та экспортёр корхоналарга кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиши имконияти яратиб берилди;

13 та корхонага маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатлари қисман қоплаб берилди;

экспортёр корхоналар фаолиятини қайта тиклаш мақсадида 9 та корхонага айланма маблағларни тўлдириш учун 95 млрд. сўм кредитлар ажратилди. Шунингдек,
22 та экспортёр корхоналарга мавжуд 151 млрд. сўмлик кредитларнинг муддатлари узайтириб берилди.

Тумандаги барча экспортёр корхоналар билан тўғридарн-тўғри мулоқот ўрнатиш мақсадида “телеграм канал” ташкил қилинган бўлиб улар билан кунлик, керак бўлса, соатлик алоқа мавжуд.

Хар бир корхонада юзага келаётган муаммолар ўрганилиб, уларни ечими юзасидан таклифларни ишлаб чиққан ҳолда тегишли ташкилотларга юборилади. Хар бир корхонанинг муаммосини иложи борича ижобий хал қилишга киришилади.

Президентимиз томонларидан олиб борилаётган тадбиркорликни ривожлантириш бўйича оқилона сиёсат туфайли туманимизда мавжуд тадбиркорлик субъектларининг ярмидан кўпи охирги 3 йилда ташкил этилди.

Яшнобод туманида жами фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан 8 минг 114 таси кичик бизнес субъектлари ва 2 минг 120 таси якка тартибдаги тадбиркорлар хиссасига тўғри келади.

2021 йил январ-ноябр ойиларида жами
1 минг 221 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони ўтган йилга нисбатан 129 тага кўпайди.

Албатта янги корхоналар ташкил этиш тадбиркорликка бериладиган ягона баҳо эмас. Лекин, аҳолини бизнесга жалб этиш, манфаатли иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 24 млрд сўм кредит ажратилиб, 483 та янги  лойиҳалар амалга оширилди ва 548 та янги иш ўринлари яратилди.

2021 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра 75 та тадбиркорлик субьектлари томонидан 5,7 минг кв.м ер тўлада хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилиб, 236 та янги иш ўрни яратилди.

Юқорида амалга оширилган ишларимиз натижасида, Давлат бюджет даромадларига ҳисобот даврида жами 311,3 млрд 867 млн сўм маблағ келиб тушиши ёки режа 113,0 фоизга бажарилиши ва бюджетга қўшимча 35,7 млрд сўм маблағ туширилди.

Яшнобод  тумани маҳаллий бюджетининг 2021 йил давомида шаклланган қўшимча маблағлари ҳисобидан йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари 5 млрд.
154 млн. сўм, 1чорак якунлари бўйича даромадларнинг режадан орттириб бажарилган қисмидан
4 млрд. 966 млн. сўм, 2чорак якунлари бўйича даромадларнинг режадан орттириб бажарилган қисмидан 4 млрд. 391 млн. сўм, 3чорак якунлари бўйича даромадларнинг режадан орттириб бажарилган қисмидан
4 млрд. 130 млн. сўм жами 18 млрд. 642 млн. сўм маблағлар харажатларга йўналтирилди.

Маҳаллий бюджет даромадларига 123,4 млрд сўм маблағ келиб тушиши ёки режа 118 фоизга бажарилиб,
4-чоракда млрд сўм маҳаллий бюджетга қўшимча маблағ туширилди.

Ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, жихозлаш ва уларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва бошқа харажатлари учун жами 6 млрд. 757 млн. сўм маблағ ажратилди. Жумладан,

  • Халқ таълимига – 1 млрд 550 млн. сўм
  • Мактабгача таълимга – 2 млрд.150 млн. сўм
  • Соғлиқни сақлаш муассасаларига – 3 млрд. 57 млн. сўм ажратилган.

Шунингдек,

  • Тумандаги ички йўлларини таъмирлаш ишларига –
    2,1 млрд. сўм;
  • Туман ободонлаштириш бошқармасининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва ҳудудни ободонлаштириш ишларига – 2,2 млрд сўм;
  • “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига жами 3,4 млрдсўм;
  • Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ишларини молиялаштириш учун  726 млн. сўм;

 

 Ҳурматли депутатлар!

Хаммангизга маълумки, жорий йилнинг апрель ойида мухтарам Юртбошимиз, Шавкат Миромонович туманимиздаги “Парвоз” махалласига ташриф буюрдилар. Ташриф чоғида  ҳар бир маҳалланинг «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш, коммунал муаммоларни ҳал қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш чоралари кўриш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ижросига эътибор қаратдилар.

Давлат раҳбари “Парвоз” маҳалласи Тошкент шаҳридаги энг катта маҳаллалардан бири эканлиги, маҳаллада 10 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиши. Бу ерда амалга оширилган ишлар бошқа маҳаллаларга намуна бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтдилар ва шу ернинг ўзида Президентимиз томонидан мутасаддиларга пойтахтдаги барча 524 та маҳаллани шундай обод қилиш лозимлиги, бунинг учун ҳар бирига
2 млрд сўмдан маблағ ажратиб, лойиҳаларини тасдиқлаш бўйича топшириқлар берилди.

Ушбу топшириқ натижасида туманимиздаги 58 та махаллага жаъми 116,9 млрд маблағ ажратилиб,

  • 550 минг кв.м ички йўллар асфальт қилинди;
  • 175 минг кв.м бетон қопламалар ва тротуарлар ётқизилди;
  • 126 минг п.м бордюрлар ўрнатилди;
  • 7 677 п.м лотоклар ўрнатилди,
  • 262та кўчалар ободонлаштирилди;
  • 49 км канал ва зовурлар тозаланди;
  • 3 900 тонна чиқиндилар олиб чиқилди;
  • маҳаллаларнинг кириш қисмларига 21 та замонавий аркалар ва 17 та банк терминаллари, 62та айвонлар, 365 та ўриндиқлар, 134 та болалар ўйингоҳи, 62 та Workout” ва 35 та спорт ва футбол майдончалари барпо этилди.

Шунингдек, 509 минг кв.м кўп қаватли уйларнинг фасад қисми таъмирланди ва янги замонавий кўринишга келтирилди;

  • 28минг кв.м кўп қаватли уйларнинг том қисми ёпилди
  • 126 та кириш йўлаклар таъмирланди
  • 46та янги замонавий лифтлар ўрнатилди
  • 38 та лифтлар таъмирланди
  • 112 кв.м. суний суғориш тизими ва кўкаламзорлаштириш майдони ташкил қилинди.
  • 126 минг п.м. уйларнинг ён томон деворлари уланган қисми (торцевые шов) таъмирланди
  • 42 та уйнинг электр тақсимловчи шитлари таъмирланди.
  • 7366 п.м. кўп қаватли уйларнинг иссиқлик тик қувурлари
    алмаштирилди.
  • 72  та уйларнинг ертўла ва коммуникация тармоқлари тўлиқ таъмирланди;
  • 47та автотураргоҳ, 6 та чиқинди йиғиш жойлари қурилди;

 

Мазкур ташриф давомида туман хокими томонидан илгари сурилган таклиф асосида бугунги кунда Олмос махалла худудида 117 нафар Аёллар дафтарига киритилган, уй-жой шароитини яхшилашга мухтож бўлган хотин-қизлар учун уй-жой қурилиши ишлари бошланди.

 

Бугунги кунда туманда 25 та уй мақоми берилган кўп қаватли ётоқхоналар мавжуд бўлиб, шулардан 10 та кўп қаватли ётоқхоналарга таъмирлаш ишлари учун жами 8,5 млрд. сўм пул маблағлари ажратилиб, Қорасув кўчасида жойлашган 27, 29Б, 29В, Хосиятли махалласидаги 32, 36, 66-сонли ва Фазогир махалласидаги 3, 4-сонли ётоқхоналарнинг фасад қисми, кириш йўлаклари, ойналари, ички кириш йўлакларини пардозлаш, хожатхоналарни капитал таъмирлаш, хоммом капитал таъмирлаш, ошхоналарни капитал таъмирлаш, электр симларини таъмирлаш ишлари амалга оширилиб. 95 фоиз ишлар бажарилган.

Жорий йилда туманимиздаги 7 та махалла Моҳинур, Фидоийлар, Уйсозлар, Ойдинкўл, Жарқўрғон, Илтифот, Ширинобод, Махмур, Маърифат) идоралари “Замонавий махалла” лойихаси асосида қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди

 

Энди коммунал соҳада амалга оширилаётган ишларга тўҳталадиган бўлсак, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2020 йилда 98 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 99,9 фоизни ташкил қилмоқда.

Жорий йилда км эскирган ичимлик суви тармоқлари капитал таъмирланди, дона носоз ҳолдаги сув олиш гидрантлари ва 5 дона носоз ёпқичлар алмаштирилди,

Туманда оқава суви тармоқлари ўтказилмаган кўчалар – 35,4 км ташкил этади. Жорий йилда жами 7,084 км янги оқава сув қувурлари қурилди ва 0,35 км.га оқава сув тармоқлари капитал таъмирланди.

Жорий йилда аҳолига сифатли иссиқлик энергияси етказиб бериш мақсадида 26 та қозонхоналардаги
114 дона қозонлар, 10 дона насос станцияларидаги насослар ва 42,7 км. иссиқлик тармоқлари жорий таъмирланди, 14,1 км. эскирган иссиқлик қувурлари алмаштирилди, 11,1 км. иссиқлик тармоқлари изоляцияси қайта тикланди, 26 дона задвижкалар алмаштирилди ва таъмирланди ҳамда 180 дона ҳаводан ўтган иссиқлик қувурларнинг устунлари бўялди

Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 63 та трансформатор подстанция ва узунлиги 57,8 км ҳаво тармоқлари таъмирланди,
100 дона устун ва 59,8 км СИП ва кабель тармоқлари реконструкция ҳамда модернизация қилинди.

Аҳолига сифатли табиий газ таъминоти етказиб бериш мақсадида жорий йилда 8,2 км газ қувурлари тикланиб, махсус рангга бўялди, ерли хонадонлар ва кўп қаватли уйларнинг 6600 та газ жўмраклари техник тафтишдан ўтказилди, 276 та ўрта босимли газ тақсимлаш пунктлари техник тафтиишдан ўтказилиб, 4 таси мукаммал таъмирланди.

 

Ҳурматли депутатлар ва йиғилиш қатнашчилари!

Жорий йилда ижтимоий соҳада ҳам қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан Маҳаллий бюджет хисобидан 14 та Давлат мактабгача таълим ташкилотларига 9.1 млрд сўм ажратилиб, жорий таъмирланди.

Натижада ушбу Мактабгача таълим ташкилотларига жами 16 029 нафар (90.5%) болалар қамраб олинди. Бундан ташкари, Шаҳар ҳокимлиги томонидан 8 та Давлат мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлашга
12 млрд. сўм ажратилган бўлиб, мазкур ташкилотларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирдан сўнг қўшимча 480 ўринга мўлжалланган 16 та гуруҳ фаолият йўлга қўйилади ва натижада болаларнинг қамров даражаси 90,5% дан 92,2 %га етади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108-сонли Фармонлари ижроси доирасида жорий йилда туманимизнинг Олмос маҳалласи худудида барча замонавий қулайликларга эга бўлган 1320 ўринга мўлжалланган янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджет ҳисобидан: 2021 йилда 11 та мактабда 6 млрд. 580 млн.сўмлик таъмирлаш ишлари; Туман махаллий бюджет ҳисобидан:
4 та мактабда
3 млрд. 230 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари якунланди.

Бундан ташқари бир неча йилдан буён ўз биносига эга бўлмаган туман Халқ таълими бўлимига янги бино ажратилиб, замон талаблари асосида жиҳозлаб фойдаланишга топширилди.

Ҳалқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутатлари томонидан 3 та мактаб директорлиги вакант лавозимларига 12 нафар номзодлар орасидан очиқ овоз бериш йўли билан раҳбарлар тайинланди.

Халқ таълими тизимидаги 227-сонли умумий ўрта таълим мактаби чет тиллари фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилди.

Хабарингиз бор туманимизда 1та академик лицей (Тошкент давлат Стоматология институти қошидаги 2-сон академик лицейи), 1та техникум (Тошкент туризм ва Мехмонхона менеджменти техникуми) ҳамда 1та Олий таълим муассасаси (Тошкент давлат Стоматология институти) фаолият кўрсатади.

Бугунги кунда, Асалобод маҳалласида Жанубий Корея Республикаси билан ҳамкорликда, Тошкент шаҳридаги АДЖУ унверситети ҳамда Тонг маҳалласи ҳудудида Тошкент Халқаро таълим Университети ўз фаолиятини бошлади. Бу эса ўз навбатида мактаб битирувчиларимизни олий таълимга қамраб олинишида катта аҳамият касб этади.

Соғлиқни сақлаш тизимида

Олмос махалласида 500 қатновли янги оилавий поликлиника барпо этилди.

Бугунги кунда Инвестиция дастури асосида  лойиҳа қиймати 11,7 млрд сўм бўлган 28-оилавий поликлиниканинг янги биноси қурилмоқда.

“Обод маҳалла дастури” доирасида 2-сон фтизиатрия диспансери учун 3 млрд 349 млн сўм ажратилиб тўлиқ реконструкция қилинди.

Уйсозлар махалла худудида ахолига тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 29-оилавий поликлиниканинг филилали қуриш ишлари бошланди.

Тиббиёт тизимини ривожлантириш учун тиббиёт бирлашмасига қарашли 30 ва 31-оилавий поликлиникаларга тиббий жихозлар олиб бериш ва локал ахборот тизимини яратиш учун шаҳар ва туман маҳаллий бюджетидан 2.3 млрд сўм ажратилди.

Туман маҳаллий бюджети ҳисобидан Марказий кўп тармоқли поликлиникасига 600 млн сўм ажратилиб, янги қозонхона қурилди ва иситиш тизими тўлиқ таъмирланди.

Пандемия шароитида бутун республикада амалга оширилаётган ишлардан барчангизни хабарингиз бор. Коронавирус инфекцияси тарқалиши ва уни олдини олиш юзасидан туманимизда эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Коронавирус беморларини даволаш мақсадида жорий йилнинг июнь-август ойларида туманимизда жойлашган “Нуроний” шаҳар клиник шифохонасида 170 ўринли жойлар ташкил этилиб, тайёр ҳолга келтирилди.

2021 йил 13 июлдан 2021 йил 12 августга қадар
602 нафар бемор қабул қилиниб даволанди. Барча кўрилган чоралар натижасида COVID-19 билан касалланган беморларни қабули Республикада камайиши билан тўхтатилди.

Туманда марказий кўптармоқли поликлиника ва оилавий поликлиникалар захирасида 2343 дона ковид бокс жамланмалар мавжуд.

Туманда COVID-19 касаллигининг профилактикаси ва касалланиш сонини камайтириш мақсадида оилавий поликлиникаларда эмлаш пунктлари ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда эмланганлар сони 136 649 нафар бўлиб, эмланиши режалаштирилган 172 694 нафар фуқарога нисбатан 79,1% ни ташкил этади.

 

Жорий йилда туманимизда маданият ҳамда спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

“Ёшлар дафтари” жамғармаси хисобидан 3 та маданият марказлари ва 5 та болалар мусиқа ва санъат мактабларига мусиқа асбоблари учун жами 383,1 млн сўм маблағ ажратилиб 91 та мусиқа асбоблари олиб берилди.

Бугунги кунда туманда 31 минг 844 нафар фуқаролар спорт билан мунтазам шуғулланиб келишмоқда. Шуғулланувчиларнинг 23 минг 585 нафари ёшлар ҳисобланади.

Ҳисобот йилида  тумандаги Парвоз маҳалласида очиқ сув ҳавзаси қурилиш ишлари бошланиб, хозирда якуний босқичда. Шунингдек туманимиздаги маҳаллалар ҳудудида 62 та Стрит Воркаут майдончалари,
35 та футбол, баскетбол, волейбол майдончалари барпо этилди.

Бундан ташқари соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида Махтумқули, Охангарон шох кўчаси, Бирлашган ва бошқа кўчаларимизда 20 км.лик масофада намунавий пиёда ва велосипед йўлаклари барпо этилди.

Туманда спортни ривожлантириш мақсадида “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан тумандаги барча умумтаълим мактабларига 1 млрд сўмлик спорт жиҳозлари ҳарид қилинди.

Туман ҳокимлиги ташаббуси билан футбол бўйича Тошкент шаҳар Давлат Хавфсизлик Хизмати раҳбари кубоги, “Мини футбол” спорт тури бўйича Ҳоким кубоги, Кураш спорт тури бўйича прокурор кубоги, Волейбол спорт тури бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси кубоги ва шунга ўхшаш 100 дан ортиқ турли спорт турлари бўйича мусобоқалар ташкил этилиб, 17 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди.

2021 йилда Қўйлиқобод маҳалласидан Абдурахмонов Бекзод Мухамаджонович Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган XXXII ёзги олимпиадасида Эркин кураш спорт тури бўйича бронза медалини қўлга киритиб, Юртбошимиз томонидан муносиб тақдирланди.

Бундан ташқари ўсмирлар орасида спортнинг 6 тури (муай тай, эркин кураш, бел олиш кураши, ўзбек жанг санъати ва таэквондо) бўйича спортчиларимиз республика, осиё ва халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб 38 та олтин, 42 та кумуш ҳамда 63 та бронза медали соҳибига айландилар.

 

Ҳурматли депутатлар ва йиғилиш иштирокчилари!

2021 йилда Яшнобод тумани бўйича 31 минг 826 та янги иш ўринлари яратиш бўйича “Ўзмиллийбанк” билан биргаликда ҳар бир  банк ва секторлар кесимида ойма-ой графиклар ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

Тасдиқланган графикка асосан 1 декабр ҳолатига
30 минг 158 та (режа 31 826 та95,0 фоиз), янги иш ўринлари яратилди

Хусусан, 2021 йил бошидан туманда янги ташкил этилган корхоналар ҳисобига 6 559 та, банк кредитларини фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига берилишида амалий ёрдам бериш ҳисобига 15 111 та, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ҳисобига 784 та, ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига 5 574 та, тумандаги кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмини тадбиркорлик субъектларига бериш ҳисобига 236 та, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватини тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш ҳисобига 120 та ва банклик дастури орқали 2 074 та янги иш ўринлари яратилди.

Мисол учун, Элбек кўчаси 24 уйда жойлашган рассомчилик хизматларини кўрсатиш бўйича ўз фаолиятини олиб борувчи “ARTMIX-MARKET» МЧЖга
10 млрд.сўм миқдордаги кредит ажратилиб 20 та янги иш ўринлари яратилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш  масаласи бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтсам.

Яшнобод туманида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида йил давомида 93 маротаба Ҳоким ва ёшлар, 78 маротаба Прокурор ва ёшлар, 66 маротаба Сектор раҳбари ва ёшлар32 маротаба Депутат ва ёшлар учрашувлари ташкил этилди.

Мазкур учрашувларда 5 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинган бўлиб, улар томонидан 1200 га яқин таклиф-мулохаза ва муаммолар билдирилган бўлиб, шундан 1минг 76 таси (89,6 фоиз) ижобий ҳал этилган бўлиб, қолган 124 таси (11,4 фоиз)ни бартараф этиш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилган.

Яшнобод туманида 2021 йил 1 январь ҳолатига
18-30 ёшдаги ёшларнинг 1 минг 311 нафари ишсиз бўлиб, 300 нафардан ортиғи хорижга ишлаш ёки ўқиш учун чиқиб кетган бўлса, йил давомида ўтказилган ўрганишлар давомида ишсиз ёшлар қайрийиб 5 мингта аниқланди.

Шунга мувофиқ, амалга оширилган ишларимиз натижасида бугунги кунда 4 минг 501 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.

Жумладан, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш соҳасида
1 минг 218 нафар, қурилиш соҳасида 907 нафар, давлат дастурлар доирасида давлат ташкилотлари ва бошқа соҳаларда 1 минг 426 нафар  ёшлар бандлиги таъминланган бўлса, 950 нафар ёшлар касбга қайта ўқитилди.

Шунингдек, жорий йилда 17 та “Меҳнат ярмаркалари” давомида тумандаги 300 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларининг 4 минг 120 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди ва 146 нафар ёшлар иш билан таъминланди.

 “Ёшлар – келажагимиз”  Давлат дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 47 та бизнес лойиҳасига 4 млрд 319 млн сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шу асосда 129 нафар янги иш ўрни ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 250-сонли қарори ижроси юзасидан тумандаги ижтьимоий химояга мухтож оилаларни  қўллаб қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий қилинди.

Ёшлар дафтарига киритилган ёшларнинг
89 нафарига  87,3 млн сўмлик моддий ёрдам, 123 нафар ёшларга 733,6 млн сўмлик тўлов-контракт  суммалари,
56 нафар ёшларга 293 млн сафарбарлик чақирувчи резерви хизмати бадали қоплаб берилди, 7 нафар ёшларнинг даволанишлари учун 51 млн сўм ажратилди ва 412 нафар ёшларга ўз иш фаолиятларини бошлаш учун 4 млрд 660 млн сўмлик асбоб-ускуналарга субсидия ажратилди.

5 муҳим ташаббус доирасида ўтказилган тадбирларга жами 3 млрд 586,3 млн сўм маблағ йўналтирилди.

 “Темир дафтар” бўйича 2020 йил 1 декабрга қадар saxovat.argos.uz тизимига 8 минг 175 та ёрдамга муҳтож оилалар киритилган бўлиб, шу кунга қадар 7 минг 932 та оила туман кенгашининг қарорларига мувофиқ рўйхатдан чиқарилган. Дафтарга киритилган фуқароларнинг 335 нафарига 1,8 млрд сўмлик жаррохлик амалиётлари ва дори-дармон учун пул ажратилган. Жорий йилда темир дафтардаги оилаларга 3 млрд 12 млн сўмлик моддий ёрдамлар ажратилган.

Жорий йилнинг бошида ва июл ойларида тумандаги барча 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар билан яккама якка тартибда сухбатлар ўтказилди хамда аниқланган ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган минг 220 нафар аёлларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш учун “Аёллар дафтари”га киритилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш, уларни касб– ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган минг 220 нафар кўмак олувчилар аниқ категорияларга ажратилди ва амалий, моддий ёрдамлар берилди. Жумладан,  714 нафар ишлаш истаги бор аёлларни бандлиги таъминланди, 212 нафари касб – ҳунарга ўқитилди, 66 нафарига тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 1,2 млрд сўм ижтимоий кредитлар ажратилди, 967 нафарига 1,5 млрд сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, 20 нафар аёлларга
52 млн сўмлик ижара компенсация пуллари ажратилди. 715 нафарига тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

 

Мухтарам Президентимизнинг жорий йил 2 ноябрда ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси бўйича “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида  2021 йил кузда 21 863 дона кўчат экиш белгилаб олинди. Тумандаги Алимкент кўчасида қаровсиз ҳолатда ётган
1,2 га атрофидаги майдон аҳолига қулайлик яратиш мақсадида чиқиндилардан тозаланиб, Энергетика вазирлиги томонидан сайилгоҳ яратилмоқда ва бугунги кунгача 1 734 га яқин, 9 хил турдаги манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди. Кўчатларни ўз вақтида ўтқазиш учун 13 дона шартномалар тузилган ва уларни етказиб бериш мақсадида Яшнобод тумани ободонлаштириш бошқармасида кўчатхоналар ташкил этилди ва бугунги кунда 1 300 дан ортиқ манзарали дарахт ва бута кўчатлари мавжуд. Эълон қилинган “долзарб 40 кунлик” давомида туманда жорий йил куз мавсумида 27 470 донаси (125,5 фоиз) экилиши таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ПФ-29-сонли Фармони билан махалаларда “Ҳоким ёрдамчилари” лавозими жорий этилди. Шу асосда хоким ёрдамчиси лавозимига номзодларнинг танлови эълон қилинди ва 15 декабр кунига қадар комиссия томонидан 200 дан ортиқ номзодлар билан суҳбатлар ўтказилиб, тумандаги 66 та маҳаллаларга муносиб номзодлар танлаб олиниб, бириктирилди.

Жумладан:

Танланган номзодларни бевосита тахлил қилганимизда, уларнинг 28 таси (42 %) иқтисодчилар (иқтисод, банк, солиқ), 15 таси тадбиркорлар (22 %), 12 та муҳандислар,  транспорт ва алоқа соҳаси вакиллари (18 %), 5 та таълим вакиллари (6 %), 1 та ҳарбий ва 5 та бошқа соҳа вакилларидан иборат бўлди.

Барча номзодлар олий маълумотга эга бўлиб, барчаси раҳбар ходимлардан танлаб олинди.

 

Ҳисоботда, ўтиб бораётган 2021 йилда амалга оширилган ишларнинг бир қисминигина айтиб ўтдим, лекин туманда амалга оширган ишларимиз бўйича жуда кўп гапришимиз, ҳисобот беришимиз мумкин. Қилинган ишлар энди ўзимизники тарихда қолди!

 

Шу ўринда, йил давомида бу барча ишларни амалга оширишда куну-тун меҳнат қилган Сизларга ва туманимизда барча соҳаларда меҳнат қилиб келаётган фаолларга, сектор раҳбарларига ва ходимларимизга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтсам!

 

 Ҳурматли депутатлар ва йиғилиш иштирокчилари!

Энди 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишларга келсак, бу борада асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари қуйидагича кўзда тутиляпти:

саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми –
25 трлн 824 млрд сўм, ўсиш 116,1 фоиз;

қурилиш ҳажми – 2 трлн 4 млрд сўм,

ўсиш – 110,0 фоиз;

Хизматлар ҳажми – 9 трлн 762 млрд сўм, ўсиш 150 %.

Инвестиция йўналишида 2022 йилда 41 та янги лойиҳалар режалаштирилган бўлиб, уларни йил охиригача ишга тушириш ва 5 минг 198 та иш ўрни яратиш кутиляпти.

2022 йилда 140 млн долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиши режалаштириляпти, шундан 139 млн доллари саноат маҳсулотлари ва 1 млн доллари мева-сабзавот маҳсулотлари.

Яратиб берилаётган имкониятлар асосида аҳолини тадбиркорликка фаол жалб этиш ва улар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш орқали туманда жами 1 минг 350 та янги кичик бизнес субъектларини ташкил этишни режалаштирдик.

Тижорат банклари томонидан Оилавий тадбиркорлик дастурини ривожлантириш дастури доирасида 562 та янги лойихаларга 28  млрд сўмлик  кредит ажратилиши режалаштирилди.

Маҳаллий бюджет даромадларига 129,3 млрд сўм маблағ келиб тушиши кутиляпти.

Махаллий бюджетнинг режадан орттириб бажарилган қисмидан 19 млрд сўм маблағ йуналтирилиши кутилмоқда: Ижтимоий соҳа объектларини, жумладан мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлаш, жихозлаш ва уларнинг моддий техника базасини мустахкамлаш ва бошқа харажатлар учун 4,2 млрд сўм, соғлиқни сақлаш тизимига
1,8 млрд сўм, тумандаги ички йўлларни таъмирлаш учун
2,5 млрд сўм, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 7,5 млрд сўм маблағлар йўналтирилади.

Темир дафтардаги оилаларнинг 300 нафарига
1,9 млрд сўмлик , жаррохлик амалиётлари ўтказилади, 1500 нафарига моддий ёрдам ажратилади. Ёшлар дафтари киритилган 350 нафар ёшларга ўз ишларини бошлашларида ускуна харид қилиш учун 3 млрдлик субсидиялар ажратилади, 130 нафар ёшларга 900 млн сўмлик  контракт пуллари тўлаб берилади.

Олмос махалласида қурилаётган каўп квартирали хонадонларда қурилиш ишлари якунланиб, Аёллар дафтаридаги 117 нафар аёлларга хонадонлар топширилади.

Бугунги кунда туманимизда жами банд аҳоли сони 122 минг 392 нафар, шундан 98 минг  (74,7 %), расмий соҳада бандлар, 15 минг киши (11,5 %) норасмий ишловчиларга тўғри келади. Ишсизлик даражаси 6,8 фоиз ёки ишсизлар сони 8 минг 870 кишини ташкил этади. Ушбу мавжуд ишсиз ахолини иш билан таъминлаш мақсадида 2022 йилда Ҳудуд ва тармоқларни комплекс ривожлантириш инвестиция дастури, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишдаги янги йирик ва кичик лойиҳаларни ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш ҳисобидан қарийб 50 мингта доимий янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилди. Жумладан,

-янги ташкил этилган корхоналар ҳисобига 4 549 та;

-тадбиркорликни ривожлантириш  ҳисобига 1 113 та;

-ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига 6 197 та;

– янга лойихалар ҳисобига 13 764 та;

-кўп қаватли уйлар ертўлаларида 480 та;

-Кўп қавватли уйларнинг 1 қаватини ижарага бериш орқали 520 та;

-банк мижозларида қўшимча янги иш ўринлари яратиш ҳисобига 22 640 та иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, Олмос махалласида янги 300 та иш ўрнига эга бўлган қандолат фабрикаси ишга туширилади.

 

Коммунал соҳа бўйича тумандаги “Олмос” маҳалласи ҳудудида сўнгги йиллар давомида 50 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилиши натижасида, аҳолининг электр энергияга бўлган эхтиёжини ошишини ҳисобга олиб, Олмос маҳалласи ҳудудида 2 та 25 мВтлик трансформатор подстанцияcи фойдаланишга топширилади.

2022  жами 555,9 млн.сўм маблағ талаб этадиган
148 п.м. оқава сув тармоқларини капитал таъмирланади,
50 та оқава сув қудуқларига люк-обойма ўрнатилади хамда 39,7 км. оқава сув тармоқлари жорий таъмирланади.

2022 йилда ичимлик суви хизмати учун қўйилган махсус устама хисобидан тумандаги Гўзал хамда Бойқўрғон махаллаларида жами 1,6 км. узунликдаги янги оқава сув тармоқлари хамда 1 дона локал насос станцияси қурилади.

Тумандаги барча яъни 292 та Газ тақсимлаш пунктларини техник тафтишдан ўтказилади. «Уйсозлар» маҳалласи Зебо Шамсуддинова кўчасида, «Жўрабек» маҳалласи Фарғона йўли кўчасида ҳамда «Дўстобод» маҳалласи Қорасув кўчасида жами 3 та Газ тақсимлаш пунктларини мукаммал тамирлаш ишлари олиб борилади. 8 км узунликдаги газ қувурларини жорий тамирлаш ва буяш ишлари амалга оширилади.

Илтифот махалласидаги 51 та яроқсиз холдаги
2 қаватли уйлар реновация дастури асосида таъмирланади.

“Яшил макон”  умумиллий лойиҳаси доирасида
36 437 та дарахт ва кўчатлар экилади. Тумандаги Алимкент махлласида Энергетика боғи ташкил этилади.

Ижтимоий соҳаларда ҳам олиб борилаётган ислоҳотларни давом эттириб, 2 та математика,
1 та информатика ва ахборот технологиялари, фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактаблар ташкил этилади.

2021 йил давомида 161-мактабга қўшимча бино қурилади, Натижада 2 та умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар сонини таълим муассаса қувватига етказилади.

Янги қўшилган 8 та махалладаги боғча ёшидаги болаларни қамраб олиш учун янги 1 та мактабгача таълим ташкилоти қурилади.

Соғлиқни сақлаш тизимида Уйсозлар махалласидаги 29-оилавий поликника филиали ва
28-поликлиника фойдаланишга топширилади ҳамда
27 оилавий поликлиника инвестиция дастури асосида қайта қурилади, 4-стоматология поликлиникаси реконструкция қилинади.

Тумандаги Бойсун, Ахмад Яссавий, Бешариқ, Баркамол, Парвоз, Истиқлол, Катта қўйлиқ, Асалобод, Мухтор Ашрафий махалла идораларида “Замонавий маҳалла” лойиҳаси асосида олиб борилаётган қурилиш ишлари якунланади ва фойдаланишга топширилади.

2022 йилда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спорт ва соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш мақсадида тумандаги янги қурилаётган кўп қаватли уйлар атрофида 12 та кичик спорт майдонлари ва 2 та енгил конструкцияли спорт заллари қурилади.

“Бирлашган” ва “Хосиятли” маҳаллаларида 2 та “Ёшлар меҳнат гузари”и қурилиб фойдаланишга топширилади

 

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!

Бугунги Мурожаатномада айтилган, келгуси йил учун белгиланган режаларни Сизнинг кўмагингиз билан ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига ишонаман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович айтганларидек, “бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз, кўзлаган марраларимизга эришамиз”деган сўзларидан келиб чиқиб, 2021 йилда йўл қўйилган камчиликларни тўғрилаб, ҳамда 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган иқтисодий – ижтимоий дастурларнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалар ижросини таъминлашда ҳар биримиз ўз ишимизга сидқидилдан, масъулият билан ёндошиб, олдимизга белгилаб олган вазифаларни ҳамжихатликда амалга оширамиз деган умиддаман.

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари, фурсатдан фойдаланиб, барчангизни кириб келаётган Янги 2022 йил билан табриклайман.

Янги йил Сизларга омад ва зафарлар, ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга қут-барака тинчлик-тотувлик, бахт саодат олиб келсин! Эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!