Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мураккаблашди

Энди гувоҳнома олишга талабгорлар Тошкент имтиҳон марказида тест синовларидан ўтиши ва транспорт воситасини бошқариш талабларини бажариши лозим бўлади.

Тошкент имтиҳон маркази — бу ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга номзодлар назарий ва амалий тест синовларидан иборат автоматлаштирилган имтиҳон комплекси.

Марказнинг афзалликларидан бири шундаки, фуқаролар билимини баҳолашда инсон омили иштирок этмайди, бутун жараён автоматлаштирилган ҳамда шаффоф.

Назарий имтиҳонлар учун 25 дақиқа вақт ажратилган. Мазкур имтиҳонда 20 та саволнинг 18 тасига тўғри жавоб берилса, имтиҳондан ўтган ҳисобланади.

Шундан сўнг транспорт воситасини бошқариш учун амалий имтиҳонларга рухсат берилади. Номзод барча имтиҳонлардан муваффақиятли ўта олса, унга махсус сертификат берилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш талабларини кучайтиришга сўнгги вақтларда автоҳалокатлар сони кўпайиши, улар оқибатида кўплаб инсонлар ҳаётдан кўз юмиши сабаб бўлди.