ОЛМОСДА БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРМАРКАСИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги «Олмос» маҳалласида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Тадбир туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамда туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи ҳарбийларнинг вақтинча ишсиз оила аъзоларини касб ва малакалари бўйича иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Ярмаркада  банклар, тиббиёт муассасалари, савдо тармоқлари, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва бошқа иш берувчи субъектлар юздан ортиқ бўш иш ўрни билан қатнашди. Иштирокчиларга бўш иш ўринлари, меҳнат қонунчилиги, тадбиркорликка йўналтирилган имтиёзли кредитлар тўғрисида маълумот берилди.

Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан олий ва ўрта махсус ўқув юртлари битирувчилари, вақтинча ишсиз фуқароларни ўзларига мақбул келадиган иш билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатилди. Шунингдек, тижорат банклари ва солиқ органлари вакиллари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга микрокредитлар олиш ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиш масалалари атрофлича тушунтирилди.

Тадбирда туманда фаолият кўрсатаётган 14 та корхона ва ташкилот ўз бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Якунда 12 нафар кишига янги иш ўринлари учун йўлланмалар тақдим этилди. Шунингдек, 30 нафар кишига меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича маслаҳатлар берилган бўлса, 3 нафар йигит ва қизга касбга қайта ўқитиш учун йўлланмалар тақдим қилинди.

 

Манба: www.yashnobodnews.uz