БУГУН — САЙЛОВЛАР КУНИ!

Бугун, 22 декабрь тонги ҳар қачонгиданда файзли бошланди. Эрта тонгдан ҳамюртларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда муносиб номзодга овоз бериш учун ўз сайлов участкаларига ошиқмоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидан ушбу сиёсий жараёнда 148413 нафар сайловчи қатнашиши кутилмоқда. Тумандаги мавжуд жами 99 сайлов участкасида ҳаёт қайнамоқда.

Бу йилги сайловлар Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган янги Сайлов кодекси асосида мутлақо янгича руҳда ўтмоқда. Жумладан, сайловларда 5 та партия иштирок этмоқда. Сиёсий жараёнда иштирок этиш учун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси учун тенг имкониятлар яратилган. Ислоҳотларимизга ҳамоҳанг халқимиз фаоллиги ҳам кузатилмоқда.

Шу маънода сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтаётгани ҳам янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча яшнободликларни сайловда фаоллик кўрсатишга чақирамиз. Зеро, бу мамлакат тараққиётини белгилайдиган муҳим сиёсий жараёндир.

Манба: www.yashnobodnews.uz