ЯШНОБОДЛИК ЁШЛАР ФАОЛЛИК КЎРСАТИШДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида бу йилги сайловларда жами 146443 сайловчи, шу жумладан,  2010 нафар йигит-қиз илк маротаба иштирок этяпти.

— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда бизнинг участкамиздан жами 1999 сайловчи иштирок этса, шулардан 52 нафар йигит-қиз биринчи марта шундай имкониятни қўлга киритади, — дейди тумандаги 470-сайлов участкаси раиси Гулнора Янгибоева.

— Жаннатмонанд шундай юртда туғилганимдан бахтиёрман, — дейди Рамзиддин Азмиддинов. — Бош Қомусимизнинг 117 — моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади” деб мустаҳкамлаб қўйилган. Яқинда ўн саккиз ёшга тўлдим. Бу менга ана шундай йирик сиёсий жараёнда қатнашиш ҳуқуқини берди. Бугун бошқа юртдошларим каби сайловларда ўзим танлаган номзодларга овоз бериб, ўз хоҳиш-иродамни эркин билдириш имкониятидан фойдаландим. Менинг овозим келажакда жонажон Ўзбекистоним тараққиёти ва халқимизнинг фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этишига ишонаман.

Манба: www.yashnobodnews.uz