ҲЕЧ КИМ СОВҒАСИЗ ҚОЛМАДИ!

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган Ўзбекистон шашка федерациясида болалар ва ўсмирлар ўртасида 64 катакли шашка бўйича Тошкент шаҳар кубоги баҳслари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма етти йиллигига бағишлаб ўтказилган мусобақада соғлом шашка шинавандалари қаторида жисмоний имконияти чекланган болажонлар ҳам ғолиблик учун дона сурдилар.

Эътиборлиси, чинакам байрам тусини олган тадбирни кўтаринки руҳда ўтказишда Яшнобод туман ҳокимлиги, 2-сектор (туман Давлат солиқ инспекцияси) вакиллари, Халқ депутатлари туман Кенгашига “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар Зулайҳо Камолходжаева, Акмал Рўзитоев, “Ўрта масжид” ҳамда “Уйсозлар” маҳаллалар фуқаролар йиғинлари фаоллари айниқса жонбозлик кўрсатишди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга диплом, медаллар ва кубоклар топширилди. Аҳамиятли жиҳати, тадбир ниҳоясида нафақат кучлилар, балки барча иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан совғалар улашилди.

Мазкур ҳудудда жойлашган 206- ва 212-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур спорт байрамига янада файз киритди.

Ташкилотчилар мусобақа қатнашчилари учун дастурхон ёзиб, улар учун ўзига хос байрам ташкил этиб беришди.

Манба: www.yashnobodnews.uz