РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ижтимоий тармоқларда Яшнобод туманида жойлашган ётоқхонада истиқомат қилиб келаётган, аслида айни яшаш жойига эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаган фуқаролар билан туман ҳокими ўртасидаги тушунарсиз вазият эълон қилинди.
Видеога туширилган воқеада ётоқхонада вақтинча яшаб келаётган бир гуруҳ фуқаролар айни пайтда ўзларининг кўчага чиқариб юборилаётганлари сабаби номаълум экани ҳақида журналистга интервью берганлар. Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани “Коммунал таъмирлаш ва аварияни тиклаш хизмати” МЧЖ томонидан ахборот берилди.
Унга кўра Яшнобод тумани Авиасозлар даҳаси, 66 манзилда жойлашган ётоқхона 2017 йилга қадар “Подёмник” заводига тегишли бўлган. 2019 йилнинг 11 мартида АЖ “Подёмник” заводининг “Ётоқхона биносини ҳокимият тасарруфига топшириш” тўғрисидаги 18/2 118 – сонли хатига асосан 2020 йил 2 март куни Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ҳокимининг “Бинони балансдан балансга ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарорга асосан ётоқхона биноси туман ҳокимлиги балансига қабул қилиниб, кейинги жараёнда ҳокимият балансидан оператив бошқарув ҳуқуқи билан Яшнобод туман “Коммунал таъмирлаш ва аварияни тиклаш хизмати” МЧЖ ҳисобига ўтказилган.
Ўтган вақт мобайнида мазкур ётоқхона капитал таъмирдан чиқарилиб, аввалги авария ҳолати бартараф этилган. Ҳозирда бу манзилдаги 130 та хонадонда оилалар яшаб турибди. Улардан жами тўққизта хонадон “эгаларининг” ҳужжатларида муаммолар борлиги, эгалик қилиш ҳуқуқлари қонун ҳужжатлари билан кафолатланмагани сабабли уларнинг ишлари юзасидан ФИБ Миробод туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Жорий йилнинг ноябрь ойида об-ҳавода намгарчилик бошланиши билан бу даъво аризалари Яшнобод туман ҳокимининг кўрсатмасига биноан вақтинча тўхтатилган.
Видеода кўтарилган шов-шувлар ўринсиз бўлиб, бу ҳолат асосан юқорида кўрсатилган 9 та хонадонда яшовчиларнинг муаммолари беҳисоблиги билан боғлиқ. Иссиқлик қувурининг узиб кетилганлиги тўғрисидаги маълумот ҳам асоссиз бўлиб, воқеа пайтида эскирган иссиқлик қувурлари ётоқхонада яшовчиларнинг мурожаатларига кўра янгисига алмаштирилиб берилаётган бўлган.
Шунингдек, бу манзилда яшаб келаётган фуқароларнинг коммунал ва бошқа тўловлар бўйича давлатдан қарзи 2022 1 ноябрь ҳолатига 150 млн. 187 минг сўмни ташкил этади.